Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг ўз элчиси сўзлари учун сўраган узрини қабул қилди

gov.kz сайти фотосурати

Россия томони Россия элчиси Алексей Бородавкиннинг Қозоғистондаги «миллатчилар ва русофобия» ҳақидаги шов-шувли баёноти муносабати билан узр сўради. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, дея хабар беради КазИнформ.

«Алексей Бородавкин билан тегишли суҳбатлар бўлиб ўтди. Бундан ташқари, парламент спикери Ерлан Кошанов аллақачон Россия элчисининг баёнотларига муносабат билдирган. Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу борада ўз тушунтиришларини берди.

Бизнинг фикримизча, бу масала бугунги кун учун ҳал қилинган. Россия томонининг узри қабул қилинди», — деди у.

Ташқи ишлар вазирлиги вакили Қозоғистон ва Россия ўртасидаги муносабатларни давлат раҳбарлари белгилаб беришини таъкидлади. Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Россияга сўнгги ташрифи чоғида томонлар дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан декларацияни имзоладилар.

«Президентимиз таъкидлаганидек, бу вақт ичида давлатларимиз мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган ўзаро манфаатли стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўя олди. Мамлакатларимиз ўртасида ишончли конструктив мулоқот ўрнатилиб, ҳамкорликнинг юқори даражасига эришилди. Ўртамизда кескин муаммолар йўқ», — дея хулоса қилади Смадияров.

Тортишувларнинг сабаби декабрь ойида Бородавкин берган интервью сабаб бўлди, унда у шундай деганди: «Афсуски, мен миллатчилик тенденциялари борлигига доир ташвишланишни айтишим ва билдиришим лозим. Қозоғистонда радикал, миллатчилик тенденциялари тобора яққол кўриниб бормоқда». Шу билан бирга, дипломат Россия Федерацияси «бу ҳақда сўралса», Қозоғистонга «ҳар қандай экстремистик миллатчилик чиқишларини» бостиришда ёрдам беришга тайёрлигини айтган.

Ушбу баёнотларни шарҳлар экан, Мажилис (парламент қуйи палатаси) спикери Ерлан Кошанов Алексей Бородавкин жуда тажрибали дипломат эканини ва уни «тарғиботчилар ва сиёсатшунослар» ноғорасига ўйнамаслиги кераклигини таъкидлайди.

Ўз навбатида, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров элчининг баёноти нафақат Россия ҳукуматининг позициясини акс эттирмаслигини, балки «Алексей Николаевич Бородавкиннинг позициясини ҳам акс эттирмайди, чунки у Қозоғистондаги баъзи ОАВ айблаётган сўзларни айтмаганини» таъкидлади. Лавровнинг сўзларига кўра, Россия ТИВ мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни «фақат президентлар белгилаб беришидан» келиб чиқади.

Таъкидлаш лозим, 7 декабрь куни Қозоғистонда Россия элчиси берган баёноти учун уни мамлакатдан чиқариб юбориш учун петиция бошланган эди. Ҳозиргача уни 8000 дан ортиқ киши имзолаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ