Қозоғистоннинг биринчи президенти тўғрисидаги қонунни бекор қилиш масаласи парламентнинг қўшма мажлисида кўриб чиқилади

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон парламенти депутатлари палаталарнинг қўшма мажлисида республиканинг биринчи президенти – Нурсултон Назарбоев тўғрисидаги қонунни бекор қилиш масаласини кўриб чиқади. Бу ҳақда 28 декабрь куни Мажилис (парламент қуйи палатаси) депутати Айдос Сарим маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.

«Парламент иш регламентига қабул қилинган ўзгартиришларга кўра, қонунчилигимизнинг бутун мажмуасини таҳлил қилувчи ишчи гуруҳ тузилади. Шундан сўнг, Мажилис бош қўмитасининг хулосаси эълон қилинади. Кейин мазкур масала парламент палаталарининг қўшма мажлисида муҳокамага қўйилади. Конституциявий қонунлар, янги ўзгартиришларга кўра, палаталарнинг қўшма мажлисида қабул қилинади», — дея тушунтирди у.

Ушбу учрашув 2023 йил бошида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Саримнинг сўзларига кўра, тузатишлар қабул қилингандан сўнг Назарбоевнинг ваколатлари Конституция ва Қозоғистон президенти тўғрисидаги қонун билан тартибга солинади, унда собиқ давлат раҳбарларига оид алоҳида боблар мавжуд. Шу билан бирга, биринчи президентнинг қариндошлари учун ҳам имтиёзлар бекор қилинади.

Бу сўзлар бевосита Нурсултон Назарбоев иммунитетини сақлаб қоладими, деган саволга тегишли. Гап шундаки, «Президент тўғрисида»ги қонуннинг 34-моддасида республиканинг собиқ президенти, унинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги белгиланган. Шунингдек, 36-моддада: «Республиканинг собиқ Президенти Республика Президентининг ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатлар учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас, давлатга хиёнат қилиш ҳоллари бундан мустасно» дейилган. Шундан келиб чиқадики, биринчи президент дахлсизлигича қолади.

Шу билан бирга, парламент спикери Ерлан Кошанов журналистларнинг тегишли саволига жавоб берар экан: «Агар қонун (биринчи президент тўғрисидаги) тўхтатилса, бу ҳужжатда кўрсатилган барча дахлсизлик тўхтатилади ва ишламайди».

Эҳтимол, парламент аъзолари ушбу масалага ойдинлик киритишига тўғри келар.

«Биринчи Президент тўғрисида»ги Конституциявий қонун 2000 йили қабул қилинган. Унга кўра, Элбаси (миллат етакчиси) унвонини олган Назарбоев алоҳида мавқега эга – биринчи президентни ушлаш, ҳибсга олиш, тинтув қилиш, сўроққа чақириш ва қамоққа олиш мумкин эмас. Қонун Назарбоев ва унинг оила аъзоларига тегишли мулк ва банк ҳисоблари дахлсизлигини кафолатлайди. Уларнинг барчаси умрбод хавфсизлик, алоқа, транспорт ва бошқа имтиёзлар билан таъминланган.

Қозоғистон депутатлари ушбу қонунни бекор қилиш ниятини ўтган йил баҳорида, амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев Конституцияни кенг кўламли ислоҳ қилиш ҳақида эълон қилганидан кейин маълум қилишганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ