Қозоғистонга Россияни тарк этган 21 та жорижий компания кўчиб ўтди

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон Россия бозорини тарк этган 362 хорижий компанияга кўчиб ўтиш бўйича таклифлар юборди. Улардан баъзилари рози бўлишди ва 21 таси Қозоғистонга кўчиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмас Айдаров маълум қилди, деб хабар беради Vlast.kz.

«Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан ва Россия иқтисодиётига қарши расмий санкциялар эълон қилингандан бери биз очиқ манбаларда Россия бозорини тарк этиш ёки у ерда фаолиятини қисқартириш ниятида бўлган 362 компанияни аниқладик. 362 та компания Россияда фаолият юритиб келган ва манфаатимизга мос хорижий компаниялардир», — деди Айдаров.

Қозоғистон март ойи бошидан буён бундай компаниялар билан музокаралар олиб бормоқда. Расмийнинг сўзларига кўра, бу рўйхат доимий равишда янгиланиб туради, чунки баъзилар дарҳол рад этишган, баъзилари воқеалар ривожини кузатишларини айтишган, 62 компания эса Қозоғистонни муқобил майдон сифатида кўриб чиқишга тайёр эканликлари ҳақида ижобий жавоб беришган.

«Бу нима дегани? Агар илгари Евроосиё бозорида савдо қилишни, иш юритишни, ўз маҳсулотини шу ерда сотмоқчи бўлган компаниялар биздан иқтисодиёти ўн баробар катта бўлган Россияда бош офисларини очиш учун Москва, Санкт-Петербургни танлаган бўлсалар, энди санкциялар туфайли уларга муқобил вариантларни таклиф қиламиз — Остона ва Олмаотани», — дея тушунтирди Ташқи ишлар вазири ўринбосари.

Кўчиб келиш чақириғига жавоб берган компаниялар орасида Айдаров электрон бошқарув ва автоматлаштириш тизимларини ишлаб чиқарувчи Американинг Honeywell International корпорациясини, республикада минтақавий ваколатхонасини очган TikTokни, Австралиянинг Fortescue Metals Group компаниясини тилга олди. Ушбу компания Россия Федерациясидаги лойиҳаларини қисқартирган ва энди яшил энергия, яшид водород Қозоғистонда ишлаб чиқарилади. Франциянинг Alstom компанияси ҳам ўз хизмат кўрсатиш марказларини Россиядан Қозоғистонга ўтказади.

Вазир ўринбосари Қозоғистонда кўчиб ўтган компаниялар учун алоҳида шартлар яратилмагани, улар умумий ҳуқуқий маконда ишлашларини қўшимча қилди.

Ўтган ёзда Бош вазир Алихон Смоилов республика Россия бозорини тарк этган хорижий компанияларни ўз ҳудудига кўчиришдан манфаатдор эканини айтган эди. 12 декабрь куни Смаилов Қозоғистонга 19 та хорижий компания кўчиб ўтганини, бу борадаги ишлар давом этаётганини айтганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ