Қозоғистон президенти 21 декабрь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади

Akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 21-22 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.

Ташриф дастуридан олий даражадаги музокаралар, икки томонлама шартнома ва битимлар тўпламини имзолаш, қатор йирик қўшма сармоявий лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.

Музокараларда Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилади.

«Саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси бўйича ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни илгари суриш, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, фаол ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш каби асосий масалалар ўрин олган», — дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тўқаевни 2021 йил декабрь ойида Қозоғистонда давлат ташрифи билан бўлганида Ўзбекистонга ташриф буюришни таклиф қилганди. Ташриф давомида Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг деярли барча соҳаларини қамраб олувчи 22 ҳужжат имзоланганди. Жумладан, яқин беш йил ичида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича амалий ҳаракатлар режаси. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация имзолангани эълон қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ