Қозоғистон фуқароси Ўзбекистон элчихонасида содир этган бузғунчилик ҳаракатлари учун 3 йилга озодликдан маҳрум этилди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Остона шаҳрининг Олмаота тумани 2-сонли туман суди Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси мулкини вайрон қилган маҳаллий фуқарони уч йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар беради пойтахт суди сайти.

Маҳкум билан боғлиқ воқеа шу йилнинг январь ойида содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, маст ҳолатда бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси элчихонаси биносига кириб, у ердаги мол-мулкка зарар етказиш орқали катта миқдорда моддий зарар етказган. Судланувчининг айби видеокузатув камералари ёрдамида исботланган.

Эркак бировнинг мол-мулкини қасддан йўқ қилишда айбланган (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддаси 2-қисми 5-банди). Жиноятни маст ҳолда содир этиш оғирлаштирувчи ҳолат бўлган.

Маҳкумдан етказилган моддий зарар миқдори элчихона фойдасига ундирилган. Шунингдек, унга жазо муддатини ўташ жойида алкоголизмдан мажбурий даволаниш тайинланган.

Суднинг ҳукми қонуний кучга кирган.

Қозоғистон пойтахтидаги Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси 2021 йил декабрь ойида очилган. Маросимда икки давлат президентлари иштирок этган. Дипломатик ваколатхона ҳудудида бош бино, консуллик бўлими, хизматчилар учун турар жой биноси, дипломатик ваколатхона раҳбарининг қароргоҳи, болалар ва спорт майдончалари жойлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ