Ҳиндистонлик миллиардер Қозоғистонга сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Остонада Adani Group компанияси президенти, дунёнинг энг бой одамларидан бири Гаутам Аданини қабул қилди, деб хабар берди Акорда сайти.

Учрашувда узоқ муддатли ва стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Қосим-Жомарт Тўқаев Adani Groupнинг минтақада транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича режаларини олқишлади. Президент Қозоғистонда транспорт йўналишларини диверсификация қилиш устида иш олиб борилаётгани ва Транскаспий халқаро транспорт йўналиши фаол ривожланаётганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Гаутам Адани Қосим-Жомарт Тўқаевга компания Қозоғистон томони билан иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари, хусусан, энергетика, нефть-кимё ва қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини айтди.

Adani Group бош қароргоҳи Аҳмадободда жойлашган Ҳиндистон конгломератидир. Компаниянинг асосчиси ва эгаси Гаутам Адани Осиёдаги энг бой одам ва дунёдаги энг бойлардан бири ҳисобланади. Bloomberg унинг бойлигини 129 миллиард долларга баҳолаган.

Kursiv.kz маълумотларига кўра, Adani Group энергетика, денгиз портлари ва логистика, тоғ-кон саноати, газ, шунингдек, аэропортлар, маълумотлар марказларини қамраб олувчи очиқ рўйхатга олинган етти компаниядан иборат. 2022 йил ноябрь ойида конгломератнинг умумий бозор капиталлашуви рекорд даражада 280 миллиард долларга етган (2015 йилдаги 16 миллиард долларга нисбатан 17 баробар кўп).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ