Тўқаев олигарх Клебановдан совуқдан жабрланган Экибастуз аҳолисига товон пули тўлашни талаб қилди

kaztag.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев тузилмалари Экибастуз иссиқлик электр станциясини (ИЭС) назорат қиладиган олигарх Александр Клебановдан коммунал авария натижасида жабрланган шаҳар аҳолисига товон пули тўлашни талаб қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди, дея хабар беради КазТАГ.

«Экибастуз аҳолисига етказилган зарарни қоплаш харажатлари мулкдор ва республика бюджети ўртасида тақсимланиши керак. Ҳукумат ҳар бир муҳим инфратузилма объектини ҳар томонлама кўриб чиқиши ва қарор қабул қилиши керак бўлади, бу ерда сўнгги йилларда эгалари томонидан ҳеч нарса қилинмаган. Вилоятлар ҳокимлари жойларда ҳам шундай ишларни амалга оширадилар», – деди Президент.

Тўқаев Клебановнинг Экибастуз иссиқлик электр станциясини давлатга 1 тенгага сотиш таклифига ҳам изоҳ бериб, бунинг учун экспертиза зарурлигини таъкидлади. Президент иссиқлик электр станциясида мустақил аудит ўтказиб, давлат бутунлай эскирган объектни бошқариш имкониятига эга бўладими ёки йўқлигини аниқлаш кераклигини тушунтирди. «Корхонанинг 50 фоизини олиб, эгасига ИЭСни капитал таъмирлашни топширган маъқул», — дея қўшимча қилди у.

27 ноябрь куни содир бўлган авария натижасида Экибастуз (Павлодар вилояти ғарбидаги шаҳар) аҳолиси 30 даража совуқда иссиқлик таъминотисиз қолди. Мазкур факт юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Унинг доирасида хизмат вазифасига совуққонлик муносабатда бўлиш моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 28 ноябрь куни шаҳарда фавқулодда ҳолат жорий этилди, у фақат 8 декабрда бекор қилинди.

Ҳукуматнинг бугунги йиғилишида аварияни бартараф этиш бўйича штабга раҳбарлик қилган Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр президентга унинг сабабларини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 27 ноябрга ўтар кечаси сувнинг қайтиб келадиган тармоғи учун босим датчиклари нотўғри кўрсатилиши сабабли, Экибастуз ИЭС ходимлари иккита қўшимча насосни ёқишади, бу эса «ўта эскирган қувурларда босимнинг бирданига кучайиши оқибатида кўплаб шикастланишларга олиб келган».

Фақат дастлабки соатларда 70 дан ортиқ ёриқлар қайд этилган, улардан 15 таси йирик бўлган. «Бу Экибастуз тарихидаги биринчи бундай йирик авария», — дея таъкидлайди Скляр 149 та кўп қаватли уй ва 200 га яқин хусусий турар-жой бинолари, шунингдек, 10 та мактаб ва болалар боғчаларини иссиқлик таъминотисиз қолганини қўшимча қиларкан.

Orda.kz таъкидлашича, Экибастуз ИЭС иссиқлик тармоқлари билан биргаликда «Павлодарэнерго» АЖга тегишли. Иккала корхона ҳам хусусийдир, уларнинг бош компанияси «ЦАЭК» АЖ ҳисобланади. Унинг асосий акциядорлари — Александр Клебанов ва Сергей Кан.

Александр Клебанов Қозоғистоннинг энг бой 50 та одамининг бири саналади, Forbes.kz унинг бойлигини 580 миллион долларга баҳолайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ