Коммунал авариядан жабр кўрган Экибастузда митинг чақириқлари янгради

Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистоннинг Павлодар вилояти ғарбидаги Экибастуз шаҳри прокуратураси аҳолини митингларга чорлаш ва унда қатнашиш учун жавобгарликка тортилиш мумкинлигидан огоҳлантирди, деб хабар беради КазТАГ. Назарат органи маълумотларига кўра, «айрим сохта ватанпарварлар», жумладан, ДВК (Қозоғистон демократик танлови. Ҳаракат Қозоғистон суди томонидан экстремистик деб топилган ва тақиқланган) 10 декабрь куни ижтимоий тармоқларда одамларни ноқонуний митинг ташкил этишга чорлаган.

«Мазкур ҳаракатлар Қозоғистон Республикасининг тинч йиғинларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги қонунга зиддир, чунки улар вазиятни издан чиқариш ва тартибсизликлар келтириб чиқаришга қаратилгандир», — деди Экибастуз прокурори Сержан Темиров.

Назорат органи одамларни провокацияларга берилмаслик ва мамлакат қонунчилигига риоя қилишга чақирди. Фавқулодда вазият даврида ҳокимият вакилининг қонуний талаби ёки буйруғига бўйсунмаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлишига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, 28 ноябрь куни йирик коммунал авария туфайли шаҳарда жорий этилган фавқулодда ҳолат 8 декабрь куни бекор қилинди.

Авария натижасида 30 даража совуқда шаҳар аҳолиси иссиқлик таъминотисиз қолганини эслатамиз. Мазкур факт юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Унинг доирасида хизмат вазифасига виждонсизларча муносабатда бўлиш моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Воқеага ИЭС ходимларининг нотўғри ҳаракатлари сабаб бўлгани кўрилмоқда.

«Шаҳарнинг турли ҳудудларида кўп сонли ёриқлар бўлишига тармоқдаги босимнинг бир марталик кескин ошиши сабаб бўлган. Нега станция ходимлари бундай йўл тутди ва бутун шаҳар гейзерларга айланиб қолди, тергов буни кўрсатади», — деди 1 декабрь куни аварияни бартараф этиш бўйича штабга раҳбарлик қилган Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр.

Айни пайтда шаҳардаги барча кўп қаватли уйлар марказий иссиқлик таъминотига уланган. Фавқулодда вазиятлар бригадалари уйлар ичидаги тармоқларни тиклашда давом этмоқда. Шунингдек, хусусий секторларни иссиқлик таъминотига улаш ишлари олиб борилмоқда. Сўнгги кунларни иссиқликсиз ўтказган хонадон яшовчиларидан ноябрь ва декабрь ойлари учун тўлов олинмайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ