Қозоғистон Туркия соҳилида туриб қолган танкерлар зарар келтирмаслигини маълум қилди

finance.yahoo.com сайти фотосурати

Қозоғистон нефтини ташиётган танкерларнинг Туркия соҳилида туриб қолиши Қозоғистон учун йўқотишларга олиб келмайди. Бу ҳақда 8 декабрь куни «Казмунагаз» миллий компанияси бошқаруви раиси Мағзум Мирзагалиев маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.

«Бу иқтисодиётимиз учун ҳеч қандай йўқотишларга олиб келмайди, чунки одатда, [танкерларнинг] Босфор бўғозидан ўтиши учун 14 кун керак бўлади. Агар биз нефть қазиб олишни камайтирган пайтимиздагина бу ҳолат йўқотишларга олиб келиши мумкин», — деди у Туркия бўғозларида туриб қолган нефт танкерлари ҳақидаги саволга жавоб бераркан.

«Бугунги кунда вазият кескин эмас», — деди Мирзагалиев ва Қозоғистон расмийлари бу билан фаол шуғуллана бошлаганини қўшимча қилди. 7 декабрь ҳолатига кўра, бўғозларда танкерларнинг кечикиб ўтиши олти кунни ташкил қилган. Бунга Туркия томони юкларни суғурта қилиш билан боғлиқ қўшимча ҳужжатларни талаб қилаётгани сабаб бўлган.

«Юкларимиз суғурталангани аниқ, барча керакли ҳужжатлар Туркия расмийларига тақдим этилган, аммо мулоқот ҳали ҳам давом этмоқда. Бутун масала 5 декабрдан сўнг Россия нефтига қўйилган чекловларга бориб тақалади. Илгари сўралмаган қўшимча ҳужжатлар сўралганда қийинчиликлар пайдо бўлади, чунки бизнинг нефтимизга ҳеч қандай санкция ёки чекловлар қўйилмаган»,деб тушунтирди Мирзагалиев.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Туркия соҳилида Қозоғистон нефти орттилган 10 тагача танкер бор. Бундан олдин Bloomberg бундай танкерларнинг сони камида 19 та экани ҳақида хабар берганди.

Гап Россия портларидан йўл олган қозоқ нефти юкланган танкерлар ҳақида кетмоқда. Қозоғистон Европа бозорига хом ашёни асосан Россия орқали экспорт қилади. Ўтган ёзда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мавжуд геосиёсий вазият туфайли нефть етказиб беришни диверсификация қилишга чақирган эди. Ўшандан бери республика хомашёни РФни четлаб ўтиб экспорт қилиш масаласини бир неча бор кўтарди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ