Экибастуздаги авариядан сўнг Павлодар вилояти ҳокими лавозимидан четлатилди

ratel.kz сайти фотосурати

Абилкаир Скаков Қозоғистоннинг Павлодар вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. Президентнинг тегишли фармони Оқорда сайтида эълон қилинди. Бугун эрта тонгда давлат раҳбари бир қатор вилоятлар раҳбарларини қайта тайинлади ва улар орасида Скаков йўқ. Олег Крук ушбу лавозимини вақтинча эгаллайди.

Ҳокимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарор Павлодар вилояти ғарбидаги Экибастуз шаҳрида рўй берган йирик коммунал авария натижасида маҳаллий аҳоли 30 даража совуқда иссиқлик таъминотисиз қолганидан қабул қилинди. Гап бир неча ўнлаб кўп қаватли ва хусусий турар-жой бинолари, қатор ижтимоий объектлар ҳақида бормоқда. Жами 123 нафар аҳоли, жумладан, болалар эвакуация қилинган. Таълим муассасалари масофавий таълим форматига ўтган, боғчалар иши тўхтатилган.

Ушбу авария оқибатлари ҳали ҳам бартараф этилмоқда. Ratel.kz нашри Олег Крукнинг Павлодар вилояти раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланганидан кейин матбуот анжуманидаги сўзларини келтиради. Унинг сўзларига кўра, тўрт кун давомида топилган магистрал иссиқлик тармоғида оқма бартараф этилгач, тармоқдан сув сизиб чиқиши камаймаган, аксинча, соатига 1200 тоннага қайтган (аслида 400 дан ортиқ бўлмаслиги керак). Крук содир бўлаётган воқеаларни КЭК — квартиралар эгалари кооперативларининг назоратсиз ҳаракатлари билан боғлайди.

«Таъмирлаш гуруҳларини кутмасдан, улар ўзбошимча нимадир қилишга ҳаракат қилишади. Асосан, улар барча ички тизимларни дренажга қўйишади ва ҳозирда мавжуд вазиятни янада кучайтиришади. Шу боис улар билан тегишли ишлар олиб борилмоқда», — дея айни дамда асосий вазифа ИЭС фаолиятини нормаллаштириш ва унинг тўхтаб қолишига йўл қўймаслик эканини таъкидлайди Крук.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, яна бир муаммо юзага келган – Шешембеков кўчасида электр таъминоти узилган. Трансформатор кун охиригача таъмирланиши ваъда қилинган. 58 та уй сув таъминотисиз қолган, бироқ у ердаги одамлар учун сув ташиб келтирилган.

Ҳозирдан маълум бўлишича, Экибастуздаги коммунал авария факти бўйича жиноий иш қўзғатилган. Унга кўра, хизмат вазифасига инсофсиз муносабатда бўлиш моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 30 ноябрь куни Экибастузга келган Бош вазир Алихон Смоилов тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, унинг натижасига кўра барча айбдорлар жавобгарликка тортилишини айтган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ