МСК Қозоғистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларида Тўқаев ғалаба қозонганини расман эълон қилди

KYZYLORDA-NEWS.KZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Дастлабки натижаларга кўра, Қозоғистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларида Қосим-Жомарт Тўқаев 81,31 фоиз овоз тўплади. Бу ҳақда мамлакат Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдиров маълум қилди, дея хабар беради Tengrinews.kz.

Амалдаги давлат раҳбари учун 6,4 миллиондан ортиқ киши овоз берган.

Қолган овозлар бешта номзод ўртасида қуйидагича тақсимланган:

✅ Жигули Дайрабоев — 3,42%, ёки 271 641 овоз;

✅ Каракат Абден — 2,6%, ёки 206 206 овоз;

✅ Меирам Кажикен — 2,53%, ёки 200 907 овоз;

✅ Нурлан Ауесбаев — 2,22%, ёки 176 116 овоз;

✅ Салтанат Турсинбекова — 2,12%, ёки 168 731 овоз.

✅ «Ҳаммасига қарши» графасини сайловчиларнинг 5,8 фоизи ёки 460 484 нафари танлаган.

Марказий сайлов комиссияси овоз бериш натижаларини эълон қилишидан олдин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Қосим-Жомарт Тўқаевни ғалабаси билан табриклади.

«Ушбу ғалаба Сизнинг давлат раҳбари сифатидаги юксак нуфузингиздан далолат беради ҳамда кенг кўламли ислоҳотларингиз ва янги ташаббусларингизга халқнинг сўнмас ишончи, давлатимиз мустақиллиги гаровга қўйилган тахликали соатларда сиз кўрсатган матонат, қатъиятлик ва доноликнинг сўзсиз исботидир. Сизга доимо халқнинг ёппасига қўллаб-қувватлаши ва ҳурматидан баҳраманд бўлишингизни тилайман», — деди Назарбоев ўз табрикномасида.

20 ноябрь куни Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра, унда республика сайлов ҳуқуқига эга фуқароларнинг 69,44 фоизи ёки 8 миллиондан ортиқ киши иштирок этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ