Қозоғистон Бош прокуратураси фуқароларни сайловлар арафасида провокацияларга берилмасликка чақирди

gov.kz сайти фотосурати

20 ноябрга белгиланган президентлик сайловлари арафасида Қозоғистон Бош прокурори ўринбосари Жандос Умиралиев қозоғистонликларга ижтимоий тармоқлардаги провокацияларга берилмасликни сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати назорат органининг веб-сайтида жойлаштирилган.

Умиралиевга кўра, ҳозир Қозоғистонда тақиқланган ташкилотлардан бири фуқароларни сайлов куни митинг ва намойишларда иштирок этишга фаол чақирмоқда.

«Тақиқланган ташкилотларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларида иштирок этиш, унга чорлаш каби ҳаракатлар учун маъмурий (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 488-моддаси) ёки жиноий (ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга чақиришга доир 179 модда) жавобгарлик мавжуд. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳар қандай ҳуқуқбузарликларнинг олдини оладм ва Қозоғистон Республикаси қонунчилигини бузган шахсларга нисбатан қонунда белгиланган чораларни кўради», — деди у.

Умиралиев, шунингдек, бир кун аввал МХҚ ходимлари прокуратура кўмагида сайлов куни тартибсизликлар уюштиришни режалаштирган жиноий гуруҳнинг етти нафар аъзосини қўлга олганини маълум қилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, қочоқ олигарх Мухтор Аблязов тарафдорлари ҳокимликлар бинолари, инфратузилма, алоқа, оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация тармоқларини эгаллаб, шаҳарлардаги транспорт қатновини тўсиб қўйишни режалаштиришган.

Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари 20 ноябрь, якшанба куни бўлиб ўтади. Республика бўйича жами 10101 сайлов участкаси очилади. Яна 68 та сайлов участкаси 53 та давлатда очилади. Овоз беришда 11 миллиондан ортиқ қозоғистонлик иштирок этиши мумкин.

19 ноябрь «Сукут куни» деб эълон қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ