Боррель Тўқаевга мамлакатлар ҳудудий яхлитлиги борасидаги позицияси учун миннатдорчилик билдирди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашув якунлари бўйича ўтказилган брифингда Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати раҳбари Жозеп Боррель унга мамлакатлар ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватловчи позицияси учун миннатдорчилик билдирди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Мен Қозоғистонга БМТ Низомига, шунингдек барча мамлакатлар ҳудудий яхлитлигига қатъий содиқлиги учун миннатдорчилик билдираман. Биз биргаликда минтақаларимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш тарафдоримиз», — деди Боррель ва Тўқаев билан учрашувда Украинадаги вазият муҳокама қилинганини қўшимча қилди.

Журналистларнинг Европанинг Россияга қарши санкциялари Қозоғистонга салбий таъсир қиладими деган саволига Боррель шундай деди: «Россияга қарши санкциялар ушбу давлатнинг урушни молиялаштириш салоҳиятини заифлаштиришга қаратилган, бошқа бировга зарар етказиш учун эмас. Санкциялар қишлоқ хўжалиги ёки ўғитларга тегишли эмас, улар бундан мустасно. Турган гап, санкцияларимиз дунё учун озиқ-овқат етказиб беришни чеклайди, деган ҳар қандай тушунча ҳақиқатга тўғри келмайди» (Orda.kz дан иқтибос келтирган).

Европа дипломатияси раҳбарининг сўзларига кўра, «агар бошқа давлатларга қандайдир зарар етказилса, биз зарар ўрнини қоплашга тайёрмиз». Бироқ, у қандай қилиб бунга эришилишига аниқлик киритмади.

Боррель «Казинформ» агентлигига берган интервьюсида, шунингдек, Европа Иттифоқи президент Тўқаевнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини айтди. «Бу йил Қозоғистон, Европа Иттифоқи ва бутун дунё учун осон йил бўлмади. Менинг [Қозоғистонга] ташрифим Европа Иттифоқининг Қозоғистонга қимматли ҳамкор сифатида содиқлигини яна бир бор тасдиқлаш учун берилган имкониятдир», — деди у.

Дипломат мамлакат ҳукуматини июнь ойида бўлиб ўтган конституциявий референдумда маъқулланган ислоҳотларни «қатъий ва иккиланмай» амалга оширишга чақирди. Ва у 20 ноябрь куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайловларини «республика бошқарувнинг янги моделига ўтиш иродасини намоён этиши учун муҳим имконият» деб атади.

«Шунингдек, мен Қозоғистонни жорий йил январь ойидаги фожиали воқеалар юзасидан мустақил ва шаффоф тергов ўтказишга чақиришда давом этаман. Қозоғистон ушбу саҳифани ёпиши учун адолат ва жавобгарлик талаб этилади», — дея хулоса қилди Боррель.

Тўқаев давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойилига амал қилиши ҳақида бир неча бор гапирганди. Жорий йилнинг июнь ойида Қозоғистон президенти 25-Петербург иқтисодий форумида сўзлаган нутқида Остона Донецк ва Луганск халқ республикаларини «квази-давлат ҳудудлари» деб билишини ва уларни тан олмаслигини айтган эди. Куни кеча Қозоғистон раҳбари Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий Давлатлар Ташкилотига кузатувчи мақомида қўшилиши масаласига тўхталиб, яна мазкур тамойилни тилга олди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ