Forbes.kz: Назарбоев Туркиянинг Анталия шаҳридаги Rixos меҳмонхонасини Қозоғистон Республикаси Президенти маъмуриятига топширди

rixos.com сайти фотосурати

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга тегишли «Элбаси фонди» Туркиянинг Анталия шаҳрида жойлашган Rixos Beldibi меҳмонхонасини давлат мулкига ўтказди. Бу ҳақда 15 ноябрь куни Forbes.kz хабар берди.

Қозоғистонда объект «Отель Алатау» АЖ сифатида рўйхатдан ўтган. 2021 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, текширилган молиявий ҳисоботга биноан меҳмонхона Давлат мулки ва хусусийлаштириш қўмитасига 23 фоиз ва «Кўчмас мулк бошқармаси дирекцияси» МЧЖга («Элбаси фондига тегишли») 77 фоиз тегишли бўлган.

Шу йилнинг февраль ойида Давлат мулки ва хусусийлаштириш қўмитаси «Отель Алатау» АЖ давлат акциялари пакетига эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқларини Қозоғистон Республикаси Президенти маъмуриятига топширган. Деярли бир вақтда, 16 февраль куни «Кўчмас мулк бошқармаси дирекцияси» МЧЖ компания акциядорлари сафидан чиққан. Шу билан бирга, меҳмонхонанинг текширилган молиявий ҳисоботида Қозоғистоннинг собиқ президентининг улушини ўтказиш усули бўйича қўшимча тушунтиришлар мавжуд эмас. Мақолада айтилишича, бу олди-сотди битими ёки хайр-эҳсон шартномаси бўлганми, бу ҳолат номаълумлигича қолмоқда.

Ҳозирда меҳмонхона тўлиқ Қозоғистон Республикаси Президенти маъмурияти тасарруфига ва фойдаланишига ўтган ва унинг веб-сайтида қуйи ташкилотлар бўлимида келтирилган.

«Республика» газетаси аввалроқ ёзганидек, Қозоғистон 15 йилдан ортиқ вақт давомида беш юлдузли меҳмонхонага эгалик қилади. Rixos Beldibi қурилишига 1,7 миллиард тенге (бир доллар 150 тенге курсидада 11 миллион доллар) сармоя киритилган. Нашр шунингдек, меҳмонхона қандай қилиб собиқ президентнинг мулкига ўтгани ҳақида батафсил маълумот берган.

Ўтган йили баҳорда Қозоғистон ҳукумати Иқтисодиётни монополиядан чиқариш бўйича комиссия тузди, шундан сўнг айрим активларнинг совға шартномаси шаклида давлат мулкига ўтказилиши ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Мисол учун, апрель ойида биринчи президентнинг жияни Қайрат Сатибалди билан боғлиқ тузилмалар «Казактелеком»нинг 28,8 фоиз улушини давлатга ўтказган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ