Ўзбекистон — Қозоғистон футбол учрашувини россиялик ҳакам бошқаради

Сергей Карасев. metaratings.ru сайти фотосурати

16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувини Сергей Карасев бошчилигидаги россиялик ҳакамлар гуруҳи бошқаради.

Учрашув Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида маҳаллий вақт билан соат 18:00да (Москва вақти билан 16:00) бошланади. Карасевга россиялик ҳакамлар Максим Гаврилин ва Игор Демешко ёрдам беришади.

Карасев учун бу учрашув 2022 йил 24 февралдан бери илк халқаро учрашувдир. Россиялик ҳакам охирги марта Европа лигасининг 1/16 финалидан ўрин олган Италиянинг «Наполи» ҳамда Испаниянинг «Барселона» клублари ўртасидаги учрашувда ишлаган.

Март ойи бошида УEФА Украина ҳудудида Россия Федерациясининг махсус ҳарбий операцияси бошлангани сабабли россиялик ҳакамларни халқаро ўйинларга юбормаслигини маълум қилган эди. Бироқ, тақиқ ўртоқлик ўйинларига тааллуқли эмас.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари 15 йилдан буён ўзаро ўйин ўтказмаган. Жамоалар охирги марта 2007 йил март ойида Чимкентда Алма ТВ кубоги доирасида тўқнаш келишганди. Ўша учрашув 1:1 ҳисобида якунланган эди. Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари умумий ҳисобда олти марта тўқнаш келишган. Ўзбекистонлик футболчилар икки марта, қозоғистонликлар эса бир марта ғалаба қозонишган. Учта учрашув дуранг билан якунланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ