Қирғизистон Қозоғистон ёшлар терма жамоасида ўйнаган тажрибали футболчини қўлга киритди

Магамед Узденов. sport.kg сайти фотосурати

Қозоғистон ёшлар терма жамоаси футболчиси Магамед Узденов Қирғизистон терма жамоасида ўйнаш имкониятини қўлга киритди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.

Қирғизистон футбол иттифоқи (КФИ) ФИФАнинг тегишли расмий ёзма рухсатини олган.

«ФИФА футболчининг ҚФИга юборилган ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, шунингдек, ФИФА низоми қоидаларига асосланиб, Узденов Қирғизистон терма жамоасида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритгани расман тасдиқланди», — дейилади хабарда.

«Абдиш-Ота» клубининг кантлик 28 ёшли ҳимоячиси Узденов асли Бишкеклик. Илгари у Қозоғистон фуқаролигини олган ва ушбу мамлакат ёшлар терма жамоасида ўйнаган. Бироқ 2022 йил бошида футболчи Қирғизистон паспортини олишга қарор қилди ва ушбу мамлакат терма жамоасида ўйнаш истагини билдирди. Натижада, ҚФИ футболчини фуқароликка қабул қилиш учун рухсат олиш ишларини олиб борди.

Футболчининг Қирғизистон терма жамоасига жалб этилишини терма жамоа мураббийлар штаби ҳал қилади.

ҚФИ мунтазам равишда республиканинг маҳаллий фуқароларини (жумладан, Виктор Майер, Виталий Люкс, Александр Мишченко, Эдгар Бернхардт, Николай Давидов) ва Қирғизистонга деярли алоқаси бўлмаган футболчиларни фуқароликка қабул қилади. Масалан, турли вақтларда ганалик Даниел Тего ва Давид Тетте, шунингдек, камерунлик Клод Кум Мака Қирғизистон терма жамоаси сафида тўп сурган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон терма жамоаси шу йилнинг ёзида Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги–2023 мусобақасида иштирок этишга ҳозирлик кўрмоқда.

Магамед Узденов ёшлар тоифасида Бишкекнинг «Селмаш» спорт мактаби, Қозоғистоннинг «Қайрат» ва «Цесна» жамоаларида тўп сурган. Профессионал даражада у Қозоғистоннинг «Қайрат», «Қайсар», «Акжайик» ва «Каспий» жамоаларида ўйнаган. 2019 йили у Қирғизистонга, Бишкекнинг «Дордой»ига қайтди ва у билан уч марта мамлакат чемпиони бўлди. 2022 йилнинг кузида футболчи «Абдиш-Ота» клубига кўчиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ