Қозоғистон ва Европа Иттифоқи барқарор хом ашё, «яшил» водород қиймат занжирини яратиш соҳасида ўзаро англашув ва стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади, деб хабар беради primeminister.kz сайти.
Ҳужжатни Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихон Смаилов ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Мисрда бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши бўйича глобал конференциянинг Жаҳон етакчилари саммити доирасида имзоладилар.
Бош вазир ўз нутқида янги меморандумнинг муҳимлигини таъкидлади.
«Ҳужжатнинг имзоланиши Қозоғистон ва ЕИ саноат альянслари ўртасида молиявий ва технологик ҳамкорликни йўлга қўйиш учун шароит яратади. Умуман олганда, мамлакатимизда Европа бизнеси учун барча зарур жозибадорлик омиллари, жумладан, диверсификацияланган энергия манбалари ва юқори транзит-транспорт салоҳияти мавжуд», — деди Смоилов.
Шунингдек, у Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг энг йирик ва муҳим савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолаётганини, бу мамлакат ташқи савдосининг қарийб 30 фоизини ташкил этишини қўшимча қилди.
«Шу билан бирга, бугунги кунда биз сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини кўрмоқдамиз, – деди Бош вазир.
Ўз навбатида, Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи Қозоғистон иқтисодиётининг энг йирик инвесторларидан бири эканлигини, имзоланган меморандум бу муносабатларни янада кенгайтиришини таъкидлади.
«Аслида биз шундоқ ҳам чуқур бўлган муносабатларимизда янги саҳифа очяпмиз. Европа Иттифоқи ва Қозоғистон ўртасида ўтган йиллар давомида мустаҳкам иқтисодий алоқалар ривожланди. Биз биргаликда стратегик қиймат занжирларимиз интеграциясини кучайтириш устида ишлаяпмиз. Бу ноёб ер элементларини қазиб олиш, аккумуляторлар ва яшил водород ишлаб чиқаришга тааллуқлидир», — деди у.
Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Марказий Осиё ва Европадагилар «шундай оғир даврда» девор эмас, кўприклар қуришлари кераклигини таъкидлаган эди. У 27 октябрь куни Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» биринчи саммитида шундай баёнот берди. Европа Иттифоқи делегациясига Европа кенгаши президенти Шарл Мишель бошчилик қилганди.