Қозоғистонда қонунчиликка давлат тилини билмайдиган шахсларни фуқароликдан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартириш ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаиловнинг парламент депутатлари сўровига берган жавобида айтиб ўтилган, деб хабар беради «Казинформ» ахборот агентлиги.
«Ҳозирги вақтда «Қозоғистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга фуқароликка қабул қилишни рад этиш ва қайта тиклаш учун қўшимча сабаб сифатида давлат тили, тарих ва миллий қонунчилик асосларини билмасликни назарда тутувчи, икки фуқаролик фактларининг олдини олишга қаратилган ўзгартишлар ишлаб чиқилди», — дея агентлик ҳукумат раҳбарининг жавобидан иқтибос келтиради.
Ушбу ўзгартишлар парламент депутатлари томонидан илгари сурилган қонун лойиҳаси бўйича ҳукумат хулосаси лойиҳасига киритилган (Парламентарийлар томонидан таклиф этилган ҳужжат: «Қозоғистон Республикасининг аҳоли миграциясига доир қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» деб аталади).
Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Қозоғистонга россияликларнинг оммавий кириб келиши билан боғлиқ масалада Смоилов вазиятни ҳал қилиш учун ҳукумат миграция масалалари бўйича тўртта, жумладан, унинг раислигида иккита йиғилиш ўтказилганини айтди.
«Барча зарур қарорлар қабул қилинди, ваколатли давлат органлари ва вилоятлар ҳокимликларига аниқ топшириқлар берилди», — дея Вазирлар Маҳкамаси раҳбари сўзларини келтиради КазТАГ. Натижада Қозоғистон фуқаролари учун Россия Федерацияси билан чегарада доимий «яшил йўлак» очилган, назорат-ўтказиш пунктларида хорижликларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ахборот стендлари пайдо бўлган, ҳужжатсиз мигрантларни аниқлаш бўйича мобил мониторинг гуруҳлари тузилган, ҳудудларда ташриф буюрувчиларнинг ўзлари учун вақтинчалик турар жойлар ташкил этилган. Жамоат тартибини муҳофаза қилиш кучайтирилган, маиший ва миллатлараро низоларнинг олдини олиш чоралари кўрилган.
«Шунингдек, РФ Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр раислигида аҳоли миграцияси соҳасидаги масалаларни мувофиқлаштириш бўйича штаб тузилди. Миграциянинг ўсиши билан боғлиқ хавфларни бошқариш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, унда миллий бозорни ҳимоя қилиш, давлат чегарасида ва чегарадош ҳудудларда назоратни кучайтириш, миграция қонунчилигига риоя қилиш, шунингдек, вақтинчалик миграцияни енгиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Жорий йилнинг октябрь ойида, ўтган ойга нисбатан россияликлар 65 фоизга кам келди ва кунлик салбий салдо ўртача 1,6 минг кишини ташкил этди. Ҳар куни кириб келаётган Россия фуқаролари сони давлат чегарасини кесиб ўтганлар сонининг аввалги одатдаги ўртача даражасига қайтди», — деб таъкидлади Бош вазир.
Унга кўра, мамлакатда қозоқ халқининг миллий тили, анъаналари ва маданиятини ўрганиш истагида бўлганлар учун 40 та дўстлик уйларида 174 та якшанба мактаблари фаолият кўрсатмоқда, уларда миллий тилни бепул ўрганиш имконияти яратилган. У ерда миллий тилни ўрганиш билан бир қаторда қозоқ маданияти ва урф-одатлари билан таништиришга қаратилган тадбирлар ҳам ўтказилади. Хоҳловчилар давлат тилини ҳокимликлар ҳузуридаги «Тіл» ўқув-услубий марказларида ҳам ўрганишлари мумкин. «Аҳоли миграцияси тўғрисида»ги қонунда мигрантларнинг адаптация ва қондошларни интеграциялашув марказларида интеграция бўйича пуллик хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи кўзда тутилган.