Қозоғистон шарқидаги Риддер шаҳрида техноген характеридаги фавқулодда ҳолат эълон қилинди, деб хабар беради Хабар-24. Бу қарор маҳаллий иссиқлик электр станциясида содир бўлган навбатдаги авария билан боғлиқ бўлиб, бунинг оқибатида 22 минг одамнинг хонадони иситилмай қолган (шаҳарда 56 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади).
Авария 5 ноябрь куни кечқурун содир бўлган — кулни тозалаш тизимидаги насос ишламай қолган, натижада 1-сонли қозон агрегатининг ёрдамчи ускуналари фавқулодда ўчирилган.
Шарқий Қозоғистон вилояти раҳбари Даниал Ахметов бошчилигида зудлик билан Риддер шаҳрида тезкор штаб ташкил этилган. Уст-Каменогорск иссиқлик энергетикларининг таъмирлаш бригадалари ИЭСга етиб келишган. Ускуналар қозонини алмаштириш билан бир қаторда ёқилғи етказиб бериш давом этмоқда – станция 120 тонна мазут билан таъминланади.
Шаҳар ҳокимлиги қарори билан фавқулодда вазият туфайли Риддер мактаблари ўқувчилари 7 ноябрдан 11 ноябргача масофавий таълимга ўтмоқда. Худди шу кунлари шаҳардаги мактабгача таълим муассасалари ҳам ёпилади.
Октябрь ойи охирида Риддер шаҳри аҳолиси иссиқлик электр станциясидаги авария туфайли иссиқлик манбаисиз қолган эди. Хабар берилганидек, станция раҳбарияти сувга аралашиб қолган мазут сифатини назоратга олган. Риддерликлар мурожаатларига кўра, шундан бери уйларга иссиқлик таъминоти тўлиқ тикланмаган, деб ёзади Tengrinews.kz. Айни пайтда шаҳарда ҳаво ҳарорати нол даража атрофида.