Қозоғистон МХҚ собиқ раҳбари Масимов ва унинг ўринбосарлари иши судга оширилди

Карим Масимов. Tengrinews.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Бош прокуратураси Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбариятига қарши айблов хулосасини тасдиқлади, иш кўриб чиқилиши учун Остона жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро судига юборилди, деб хабар беради назорат маҳкамаси сайти.

Шундай қилиб, айбланувчи Карим Масимов (МХҚнинг собиқ раҳбари) ва унинг собиқ ўринбосари Ануар Содиқуловнинг иши давлатга хиёнат (Жиноят кодексининг 175-моддаси 1-қисми), ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш (ЖКнинг 179-моддаси 3-қисми), ўзига ва бошқаларга наф ва фойда келтириш мақсадида оғир оқибатларга олиб келган ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (ЖКнинг 362-моддаси 4-қисмининг 3-банди) айбловлари билан судга оширилган.

МХҚ раисининг собиқ ўринбосари Даулет Ергожинга — ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олганлик (Жиноят кодексининг 179-моддаси 3-қисми), ўзига ва бошқаларга наф ва фойда келтириш мақсадида оғир оқибатларга олиб келган ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (Жиноят кодексининг 362-моддаси 4-қисми 3-банди) айблари қўйилган.

МХҚ раисининг собиқ ўринбосари Марат Осипов, МХҚ департаменти бошлиғининг собиқ ўринбосари Акипов Д.М. ва МХҚ бошқармаси собиқ бошлиғи Бекмурат Н.К. — Жиноят кодексининг 362-моддасининг турли қисмлари билан айбланади.

Жиноят иши тергов қилиниб, «ўта махфий» тарзда кўриб чиқилади, — дея қўшимча қилди Бош прокуратура.

Карим Масимов 8 январь куни, мамлакатни қамраб олган тартибсизликлардан сўнг ҳибсга олинган эди. Бир неча кун аввал у 2016 йил сентябридан буён ишлаб келаётган МХҚ раиси лавозимидан озод этилган. Масимов собиқ президент Нурсултон Назарбоевга яқин бўлган мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланган. У ўтган йиллар давомида Қозоғистон Республикаси Бош вазири, администрация раҳбари ва Қозоғистон президенти ёрдамчиси лавозимларида ишлаган.

Масимов қўлга олингандан сўнг Нур-Султон тергов суди уни икки ойга ҳибсга олди, шундан сўнг ҳибсга олиш муддати бир неча бор узайтирилди. Кейин маълум бўлишича, унинг учта собиқ ўринбосари терговда иштирок этган, улар ҳам ҳибсга олинган.

Масимовнинг тўртинчи ўринбосари, Нурсултон Назарбоевнинг жияни генерал Самат Абиш январь воқеаларидан сўнг МХҚдан бўшатилган, бироқ ҳибсга олинмаган.

Кейинчалик мамлакатнинг собиқ бош чекистига нисбатан иш «махфий» тоифасига киритилган. Жумладан, Масимов ва унинг ўринбосарларидан бири Содиқулов нима учун ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш айби билан бир қаторда давлатга хиёнатда ҳам айбланаётганига тергов ойдинлик киритмаган.

Vlast.kz хабарига кўра, Масимовнинг адвокатлари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг ишчи гуруҳи томонидан мазкур шахснинг ҳибсга олиниши қонуний эканига доир масала кўриб чиқилишига эришган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ