Қарағанда вилоятидаги конда метан гази ажралиб чиқиши оқибатида беш нафар кончи ҳалок бўлган

inform.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги Ленин номидаги конда юз берган фавқулодда вазият натижасида беш нафар кончи ҳалок бўлган. Бу ҳақда республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий вакили Руслан Имонқулов РИА Новостига хабар берди.

Ҳодиса 3 ноябрь, пайшанбага ўтар кечаси «Арcелор Миттал Темиртау» АЖга қарашли конда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, газ дренаж қудуқларини бурғулаш вақтида тўсатдан газ сизиб чиқиши содир бўлган. Маҳаллий ҳокимлик маълумотларига кўра, ҳодиса вақтида конда 106 киши бўлган.

Тўрт нафар кончи тан жароҳати олган – улар Шахтинск шаҳри марказий касалхонасига етказилган. Жабрланганларга метандан заҳарланиш ташхиси қўйилган. Икки нафар кончи, заҳарланишдан ташқари, турли даражада жароҳатлар олган.

Фавқулодда вазиятлар вазири, шунингдек воқеани тергов қилиш бўйича комиссия раҳбари Юрий Ильин воқеа жойига жўнаб кетган. Фавқулодда ҳолат факти бўйича Қозоғистон Жиноят кодексининг 277-моддаси учинчи қисми «Тоғ-кон ёки қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларини бузиш» билан жиноят иши қўзғатилган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев конда ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Акорда матбуот хизмати. Давлат раҳбари барча жабрланганларнинг тез орада соғайиб кетишини тилаган, ҳукумат ва Қарағанда вилояти ҳокимига ҳодиса сабабларини аниқлаш, ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқлар берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ