Тўқаев январь воқеалари иштирокчиларига нисбатан амнистия жорий этилишига доир қонунни имзолади

Twitter @buch10_04 фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев январь воқеалари иштирокчиларига амнистия жорий этилишига доир қонунни имзолади, деб хабар беради Акорда сайти.

Ҳужжат нашрда эълон қилинади. Қабул қилинган қонунга кўра, амнистия фақат 4 дан 7 январгача оммавий тартибсизликлар билан боғлиқ жиноий ҳуқуқбузарликлар содир этган ёки уларнинг фош этилишига дахлдор кимсаларни қамраб олади.

Январь воқеалари иштирокчиларининг бир қисми жазодан озод қилинади, кимгадир жазо муддати қисқартирилади. Зарур ҳолларда амнистияга учраган шахсларни ишга жойлаштириш ва уй-жой билан таъминлаш ишларида ёрдам кўрсатилади.

Сенатор Лаззат Жанилискизи таъкидлаганидек, қонун лойиҳаси қозоғистонликларни кичик ва ўрта оғирликдаги жиноятлардан озод қилишни назарда тутади. Бундай жиноятлар учун жазо муддатини ўтаган шахслар учун судланганлик олиб ташланади. Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахслар учун муддатлар: оғир жиноятлар учун — суд томонидан тайинланганларнинг тўртдан уч қисмига, ўта оғир жиноятлар учун — ярмига қисқартирилади.

Шу билан бирга, террористик, экстремистик, коррупцияга оид жиноятлар, давлатга хиёнат қилган, қийноқларда иштирок этган, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар содир этган, шунингдек оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланган шахслар амнистияга тортилмайди.

Январь ойининг биринчи кунларида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар ошиши фонида норозилик намойишлари бошланди ва бу тартибсизликларга айланиб кетди. Уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужумлар уюштиришган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш бўлгани ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Тартибсизликлар натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатига 238 кишининг исми-шарифи киритилган.

1 сентябрь куни халққа мурожаат қиларкан, Тўқаев январь воқеалари иштирокчилари учун бир марталик амнистия эълон қилинишини маълум қилди. Кейинроқ Республика Бош прокуратураси амнистия 1,5 мингдан ортиқ кишини қамраб олишига ойдинлик киритди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ