Назарбоев жиянига доир жиноий иш бўйича 230 миллион долларлик қимматбаҳо буюмлар Қозоғистонга қайтарилган

kaztag.kz сайти фотосурати

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни тадбиркор Қайрат Сатибалди иши бўйича республикага 230 миллион доллардан ортиқ эксклюзив қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари қайтарилди, деб ёзади КазТАГ агентлиги Коррупцияга қарши кураш хизмати матбуот хизматига таяниб.

Жиноий йўл билан топилган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни легаллаштириш (ювиш) фактлари бўйича Сатибалди ва бошқа шахсларга нисбатан олиб борилган тергов ишлари давомида заргарлик буюмлари узоқ хориждан қайтарилган.

Агентлик, шунингдек, Сатибалди 300 миллион долларлик чет эл қимматбаҳо қоғозларини сотиб олганини аниқлаган. Бу сумма яқин вақт ичида Қозоғистон бюджетига ўтказилиши керак.

13 март куни Коррупцияга қарши кураш хизмати Сатибалдини мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва «Казактелеком» АК маблағларини ўғирлашда гумон қилиб қўлга олган. Эртаси куни компаниянинг пойтахт офисида тинтувлар ўтказилган. 15 март куни суд Сотибалдини ҳибсга олишга санкция беради, кейин эса бу муддат бир неча бор узайтирилади. Бир ой ўтгач, тадбиркор назоратидаги фирмалар «Казактелеком»нинг 28,8 фоиз улушини давлат тасарруфига қайтарган.

Қозоғистон суди 26 сентябрь куни собиқ президентнинг жиянини давлат маблағларини ўзлаштириш иши бўйича олти йилга озодликдан маҳрум қилди. Ҳозирда унга нисбатан солиқ ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш, жиноий даромадларни легаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини босқинчилик йўли билан олиб қўйиш ҳолатлари бўйича қўшимча жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ