Қозоғистонда автомобиль ва поезд тўқнашуви оқибатида олти киши ҳалок бўлган

polisia.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида йўловчи поезди ва енгил автомобиль тўқнашуви оқибатида олти киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда вилоят полиция бошқармаси матбуот хизматига таяниб, ТАСС хабар беради.

«1 ноябрь куни соат 08:55 [Москва вақти билан 05:55] да Турксиб станциясидаги полиция бўлимидан Меркен тумани Қорасув қишлоғидаги темир йўл кесишмасида йўловчи поезди Audi русумли автомашина билан тўқнашиб кетгани ҳақида хабар келиб тушди. Ҳодиса оқибатида олти киши ҳалок бўлган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан «Транспорт воситаларини бошқараётган шахслар томонидан йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги» моддаси бўйича судга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилган. Керакли текширувлар тайинланган. Воқеа жойида навбатчи тергов-тезкор гуруҳи ишламоқда.

«Қозоғистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати хабарига кўра, салонида олти киши бўлган Audi ҳайдовчиси темир йўл кесишмасига чиқиб кетган ва поезд билан тўқнашиб кетган. «Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокатга автомобиль ҳайдовчиси томонидан тақиқланган сигналга қарамасдан ўтиб кетишга уринганлик сабаб бўлган», — дея қўшимча қилди матбуот хизмати.

Қозоғистонда уч йил аввал темир йўл кесишмасида яна бир йирик авария юз берганди. 2019 йил 15 сентябрь куни кечқурун Шамалган бекатида поезд катта тезликда ҳаракатланаётган оддий автобусга бориб урилган. Натижада бир киши, автобус ҳайдовчиси ҳалок бўлган. Тўқнашув вақтида йўловчи Элмира Жанибекова ва унинг икки фарзанди салонда қолган. Улар оғир аҳволда узоқ вақт касалхонада даволанишган.

Дастлаб автобус ҳайдовчиси тақиқланган светофорда рельсларга чиқиб кетгани хабар қилинган. Бироқ, суд жараёнида гувоҳлардан бири автобус ўтиш жойига кетаётганида светофор ёқилмагани, тўсиқ очиқ турганини айтган. Натижада станция навбатчиси фавқулодда ҳолатда айбдор деб топилиб, унга нисбатан уч ярим йил шартли озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ