Қозоғистон «Транстелеком» АЖ ва Россиянинг «Хавфсиз информацион ҳудуд» («Бизон») компанияси ўртасидаги умумий қиймати тахминан 2,4 миллиард рубль (39 миллион доллар) бўлган қўшма лойиҳани музлатиб қўйди. Бу ҳақда Россия IT-бозоридаги манбаларга ва қўшни давлатдаги суҳбатдошига таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, шартнома 2019 йили олти йил муддатга имзоланган. «Бизон» веб-сайтида қайд этилишича, лойиҳадан мақсад Қозоғистонда «кибер таҳдидлардан ҳимоя қилишни» автоматлаштирадиган булутли ечим яратиш бўлган.
«Бизон» — Сбербанкнинг ҳамкори бўлиб, илгари тузилмаларининг бир қисми, 2016 йили ташкил этилган. Компания бош ташкилотнинг инфратузилмасини ҳимоя қилиш билан шуғулланган. 2021 йил охирида «Бизон»нинг даромади 2,7 миллиард рублни, соф фойдаси — 96,3 миллион рублни ташкил этган.
«Транстелеком» АК 1998 йили ташкил этилган бўлиб, Қозоғистондаги энг йирик алоқа операторларидан бири ҳисобланади. «СПАРК-Интерфакс» маълумотларига кўра, 25% Қозоғистондаги магистрал темир йўл тармоғининг энг йирик оператори «Қозоғистон темир йўли»га, 75 фоизи эса Нурсултон Назарбоевнинг набираси Нурали Алиевнинг Unit Telecom компаниясига тегишли.
«Бизон» ва Сбербанкда лойиҳанинг музлатилиши ҳақидаги маълумотга изоҳ беришдан бош тортишди, Қозоғистоннинг «Транстелеcом» компанияси ҳам нашр сўровига жавоб бермади.
Zecurion таҳлилий маркази раҳбари Владимир Ульяновнинг газетага айтишича, лойиҳанинг тўхтатилиши Қозоғистон томонининг киберхавфсизликни мустақил ривожлантириш қарори билан боғлиқ бўлиши мумкин. Унинг фикрича, мамлакат бозори ғарб сотувчилари билан тўлган. Мутахассис ҳамкорликнинг тўхтатилиши «Бизон»нинг обрўсига салбий таъсир кўрсатишига ишонмайди. Унинг фикрича, киберхавфсизлик соҳасидаги Россия ечимлари экспорт қилиш имкониятига эга, нафақат МДҲ давлатларига, балки Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларига экспорт қилиш имконияти мавжуд.
ПИР маркази маслаҳатчиси Олег Шакиров, ўз навбатида, Қозоғистон Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери Сбербанк ва унинг тузилмалари билан ҳамкорликни тўхтатганини эслатди. Шундай қилиб, экспертнинг қайд этишича, апрель ойида президентлар Владимир Путин ва Қосим-Жомарт Тўқаев иштирокида ВEФ-2021 кўргазмасида тузилган давлат секторини рақамлаштириш соҳасида банк билан ҳамкорликдан воз кечилган эди.
«Умуман олганда, Қозоғистон Россия учун ҳамон дўст давлат, аммо бу каби мисоллар унинг салбий оқибатларга тақалмаслик учун ўзини узоқлаштирётганини кўрсатади», — дея қўшимча қилди эксперт.
«Коммерсантъ»нинг ички ИТ бозоридаги манбасига аниқлик киритишича, «Транстелеcом» «Бизон» учун мўлжалланган лойиҳани қайта ёзиш учун киберхавфсизлик бўйича янги ҳамкорни излашга мажбур бўлади — унинг сўзларига кўра, бу камида олти ойдан бир йилгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 10 сентябрда Сбербанк ва Қозоғистон Республикаси ҳукумати eGov порталига муқобил сифатида Қозоғистоннинг рақамли платформасини яратиш бўйича келишув тузган эди. Бироқ, жорий йилнинг апрель ойида, геосиёсий вазият туфайли Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш ва аэрокосмик саноат вазирлиги Қозоғистон электрон ҳукумат тизимини мустақил, ўз кучи билан модернизация қилаётгани ҳақида хабар берди.