Қозоғистон Сенати (парламент юқори палатаси) депутатлари январь воқеалари иштирокчиларига нисбатан «Амнистия тўғрисида»ги қонунни қабул қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.
Қабул қилинган ҳужжатга кўра, тартибсизликлар содир этганларнинг бир қисми озодликка чиқарилади, айримларининг жазо муддати қисқартирилади, зарур ҳолларда эса иш ва уй-жой билан таъминлашда ёрдам кўрсатилади. «Биз бу чорани жамият ва давлат томонидан инсонпарварлик ҳаракати деб биламиз. Умид қиламизки, мамлакатимизда бундай фожиали воқеалар бошқа такрорланмайди», — дейди Сенат раиси Маулен Ашимбаев.
Амнистияга фақат 4 дан 7 январгача оммавий тартибсизликлар билан боғлиқ жиноий ҳуқуқбузарликлар содир этган ёки уларнинг фош этилишига дахлдор кимсалар умид қилиши мумкин.
Сенатор Лаззат Жанилискизи таъкидлаганидек, қонун лойиҳаси қозоғистонликларни кичик ва ўрта оғирликдаги жиноятлардан озод қилишни назарда тутади. Бундай жиноятлар учун жазо муддатини ўтаган шахслар учун судланганлик олиб ташланади. Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахслар учун муддатлар: оғир жиноятлар учун — суд томонидан тайинланганларнинг тўртдан уч қисмига, ўта оғир жиноятлар учун — ярмига қисқартирилади.
Шу билан бирга, террористик, экстремистик, коррупцияга оид жиноятлар, давлатга хиёнат қилган, қийноқларда иштирок этган, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар содир этган, шунингдек оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланган шахслар амнистияга тортилмайди.
Январь ойи бошида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар ошиши фонида норозилик намойишлари бошланди ва бу тартибсизликларга айланиб кетди. Уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужумлар уюштиришган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш бўлгани ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Тартибсизликлар натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатига 238 кишининг исми-шарифи киритилган.
1 сентябрь куни халққа мурожаат қиларкан, Тўқаев тўполон иштирокчилари учун бир марталик амнистия эълон қилинганини маълум қилди. «Қонунни бузганларнинг баъзилари ўз айбларини тушуниб, ўтган қилмишларига пушаймон бўлишди. Менимча, уларга кечиримли муносабатда бўлган маъқул», — деди у ва амнистия тартибсизликлар уюштирганлик, давлатга хиёнат қилиш ва ҳокимиятни зўравонлик билан алмаштиришга уриниш бўйича асосий айбланувчиларга таъсир қилмаслигини айтди.
Республика Бош прокуратураси аввалроқ эълон қилинган амнистия 1,5 мингдан ортиқ кишини қамораб олишини маълум қилганди.