Қозоғистонда 13 йиллик танаффусдан сўнг илк бор Республика куни нишонланмоқда

t.me/bort_01 фотосурати

25 октябрь, сешанба куни Қозоғистонда 13 йил ичида биринчи марта Республика куни нишонланади. Байрам 2009 йилда бекор қилинган, аммо бу йил Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ташаббуси билан у миллий мақомига қайтарилган.

Бугун Остона ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида тантанали ва кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтади, кечқурун пойтахтда байрамона салютлар отилиши режалаштирилган, деб хабар беради КазТАГ.

Эрталаб давлат раҳбари қароргоҳи олдида давлат байроғини кўтариш маросими бўлиб ўтди.

ORDA.kz хабарига кўра, бугун Олмаотада Республика ва Фанлар академияси майдонларида навбатдан ташқари президентлик сайловларига қарши митинглар эълон қилинди. Шу муносабат билан эрталабдан белгиланган жойларда кўплаб полиция патруллари кузатилиб, ўткинчиларнинг ҳужжатлари текширилди. Шу пайтга келиб биринчи ҳибсга олинганлар ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

2022 йил июль ойида Миллий қурултой йиғилишида Тўқаев миллий байрамлар ва юбилейлар рўйхатига бир қатор ўзгартиришлар киритиш вақти келганини маълум қилганди. «Мен Республика кунига миллий байрам мақомини қайтаришни таклиф қиламан. Эслатиб ўтамиз, 1990 йил 25 октябрда Қозоғистоннинг давлат суверенитети тўғрисидаги декларация қабул қилинган. Бу мамлакатимизнинг мустақиллик йўлидаги илк қадами эди. Бу ҳужжатнинг қабул қилинишида биринчи президент Нурсултон Назарбоев жуда муҳим рол ўйнаган», — деди Қозоғистон раҳбари ўшанда.

Унинг фикрича, Республика куни мамлакатнинг давлатчилик сари ташлаган тарихий қадами тимсолига айланиши керак.

1990 йил 25 октябрда қабул қилинган Қозоғистон ССР суверенитети тўғрисидаги декларацияда республика ҳудудининг яхлитлиги, бўлинмаслиги ва дахлсизлиги, халқлар ва уларнинг тиллари маданиятини ривожлантириш, миллий ўзликни мустаҳкамлаш масалалари мустаҳкамлаб қўйилган эди. 2009 йилгача ушбу ҳужжат имзоланган кун дам олиш куни эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ