Шарқий Қозоғистон вилоятининг Риддер шаҳри иккинчи кундирки иссиқликсиз қолмоқда, деб хабар беради Noks.kz сайти.
Шаҳар аҳолисига марказий иссиқлик таъминоти 23 октябрь, якшанба куни ўчирилди. «Бу одамларни менсимаслик! Ташқарида ҳаво ҳарорати нолдан паст, хонадонлар исситилмаган ва иссиқ сув йўқ!» — дея маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда норозилик билдиради.
Ҳодисага Риддер ИЭСда юзага келган авария сабаб бўлган. Бу ҳақда Риддер шаҳри ҳокими Дмитрий Горковой айтди, деб хабар беради yk.kz сайти.
«2022 йил 23 октябрь куни соат 12:30да бункердаги чанг осиб сабаб 3-сонли қозонхонада авариявий ўчириш содир бўлган, тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Иш соат 22:00 (...)гача тугайди. 1 ва 2-қозонхоналар ишлаб турибди», — дейди у.
Бироқ, на 22:00 га, на 12:00га қадар шаҳар аҳолиси уйларида иссиқлик пайдо бўлмаган.
Кейинчалик маълум бўлишича, ИЭСдаги барча қозонхоналар ишдан чиққан ва бунга чанг эмас, балки сифатсиз мазут сабаб бўлган. Бу ҳақда Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими Даниал Аҳметов ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
«Риддер ИЭС раҳбарияти мазут сифатини назорат қилмаган, унинг сув билан аралашиб кетгани маълум бўлди ва натижада қозонхоналар вақтинча тўхтатилди», — деб ёзади у.
Мазкур станцияси фаолиятини қайта тиклаш учун «Каззинк» МЧЖ омборларидан Риддерга 60 тонна мазут жўнатилди. Бундан ташқари, Уст-Каменогорск ИЭС 70 тонна мазут жўнатган. 25 октябрь куни эрталаб соат бирда Риддерга яна 6 та мазутли цистерна етиб келади.
«Бу миқдорда ёқилғи станциянинг 100 кунлик узлуксиз ишлаши учун етарли бўлади», — дея қўшимча қилади Даниал Ахметов. – Корхона раҳбариятининг бепарволиги факти юзасидан вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари бошланди. Шаҳарликлардан хавотир олмасликларини сўрайман. Яқин келажакда ИЭС қозонларини ишга тушириш алгоритми ишлаб чиқилади ва тақдим этилади». Иссиқлик таъминоти бугун тунда тикланиши кутилмоқда.
Риддер — Қозоғистоннинг Шарқий Қозоғистон вилоятига қарашли шаҳар. Вилоятдаги аҳоли сони бўйича учинчи шаҳар. Унда 56 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Сўнгги кунларда Риддерда ҳаво ҳарорати кечаси минус 7 даражагача пасайиб, кундузи нол атрофида ўзгариб турибди.