Остона суди республика Хавфсизлик кенгаши котибининг собиқ биринчи ўринбосари Марат Шайхутдиновни давлат сирларини ошкор қилганликда айблаб, ҳукм чиқарди. Бу ҳақда 7 октябрь, жума куни Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) матбуот хизмати маълум қилди.
Шайхутдинов Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 185-моддаси 3-қисми (Кўп миқдорда зарар етказиш ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келувчи давлат сирларини қонунга хилоф равишда йиғиш, тарқатиш, ошкор қилиш) билан айбдор деб топилган. У давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда етти йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Худди шу жиноят иши доирасида Л.Скаковский «давлатга хиёнат» моддаси билан 11 йилу уч ойга озодликдан маҳрум этилди; О.Ждан «жосуслик» моддаси бўйича 11 йил қамоқ жазосини олган. РИА НОВОСТИга кўра, «Остона» халқаро илмий мажмуасининг стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Леонид Скаковский ҳақида бормоқда. Олег Ждан ҳам худди шу марказнинг тадқиқотчиси бўлган, дейилади хабарда.
Ишнинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган.
Шайхутдинов 1959 йилда туғилган. 2015 йил июнь ойида у Хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Жорий йилнинг март ойи охирида мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев уни ушбу лавозимдан озод қилган эди. Ушбу қарорнинг сабаби аниқланмаган.
Сентябрь ойида сиёсатшунос Ербол Эдиловнинг YEDILOV ONLINE Телеграм-канали Шайхутдинов жосусликда ва давлат сирларини учинчи давлатларга тарқатишда айбланаётгани ва ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди.