Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалди давлат маблағларини ўзлаштириш иши бўйича олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У жазони умумий режимдаги колонияда ўтказади, деб хабар беради ORDA.kz.
Айнан мана шундай жазо муддатини сўраган жараёнда иштирок этган прокурор.
Судда Қайрат Сатибалди ўзи айбланаётган жиноятни тан олди, «Казактелеком»га 12 миллиард тенге (25,1 миллион доллар) миқдоридаги зарарни қоплади ва ушбу компания, шунингдек, «Транспорт сервис маркази» АЖ билан воситачилик шартномаси тузди.
Назарбоевнинг жияни иши бўйича суд жараёни 20 сентябрь куни Остона шаҳрида бошланган. Суд ҳимоячи илтимосига кўра, оммавий ахборот воситаларига жараённи аудио ва видеоёзувга олиб боришни тақиқлади.
Ҳаммаси бўлиб беш нафар гумондор суд жараёнинида иштирок этди. Тергов давомида судланувчиларнинг ноқонуний йўл билан қўлга киритилган 240 миллиард тенге ёки 500 миллион доллардан ортиқ маблағлари давлатга қайтарилди.
13 март куни Қайрат Сатибалди Қозоғистон коррупцияга қарши хизмати томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва «Казактелеком» маблағларини ўта йирик миқдорда ўғирлашда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Эртаси куни компаниянинг пойтахт офисида тинтувлар ўтказилди. 15 март куни суд Сотибалдини ҳибсга олишга санкция берди, кейин эса ушбу муддат бир неча бор узайтирилди. Бир ой ўтгач, тадбиркор назоратидаги фирмалар «Казактелеком»нинг 28,8 фоиз улушини давлатга қайтарди.
Ҳозирда биринчи президентнинг жиянига нисбатан солиқ ва божхона тўловларидан бўйин товлаш, жиноий даромадларни легаллаштириш ҳолатлари бўйича қўшимча жиноий иш кўрилмоқда.