Қозоғистон Сенати (парламент юқори палатаси) Халқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Мухтор Қул-Мухаммед Давлат думаси депутати Константин Затулиннинг Қозоғистоннинг Россия билан муносабатларидаги «сирпанчиқ йўли» ҳақидаги баёнотини қоралади. «Бизга йўл кўрсатишдан олдин, у ўзини қандай қилиб санкциялар домидан қутқариб қолишни ўйласин», — деди сенатор NUR.kz нашрига.
«Депутат Затулиннинг рейтинги тушиши биланоқ провокацион баёнотлар бера бошлайди. Бу олдин ҳам бир неча марта содир бўлган», — дея қўшимча қилди у.
Шарҳга яқинда Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раиси биринчи ўринбосарининг «Московский комсомолец» нашрига берган интервьюси сабаб бўлди. Унда Затулин Россия Федерацияси билан дунёдаги энг узун қуруқлик чегарасига эга бўлган мамлакат «ҳозирги вазиятда Ғарб санкцияларига эътибор қаратишга ҳаракат қилишда (...) хавфли йўл тутмоқда», деганди.
«Албатта, Россия буни беэътибор қолдирмайди», — деди у.
Депутатнинг сўзларига кўра, Қозоғистон ҳукумати «қийин вазиятга тушиб қолган Россия билан алоқаларсиз ҳам ўз йўлида давом этишларини ўйлаган». «Улар энди Ғарб ўрнатган қоидаларга бўйсунишга тайёр эканликларини намойиш қилмоқдалар. Аммо менимча, бу жуда сирпанчиқ йўл», — дея таъкидлаган Затулин.
Затулин Қозоғистоннинг «нодўстона» хатти-ҳаракатларига мисол қилиб мамлакатнинг энг йирик «Халқ банки» (Halyk Bank) Россиянинг «Мир» тўлов тизими карталарига АҚШ Молия вазирлиги санкцияларининг иккиламчи хавф таҳдиди муносабати билан хизмат кўрсатишни тўхтатиш (аслида банк бу қарорни баҳорда қабул қилган, бу ҳақда «Фарғона» батафсил ёзган) тўғрисидаги қарорини айтган.
Ушбу материалга изоҳ берар экан, қозоғистонлик сенатор Мухтор Қул-Мухаммед ушбу масала юзасидан шундай дейди: «Қозоғистон банклари «Мир» банк картасига нисбатан мутлақо тўғри муносабатда бўлишган. Биринчидан, мамлакатимиздаги барча иккинчи даражали банклар хусусий бўлиб, улар қайси банк карталари билан ишлашнинг рентабеллиги ва қулайлигини ўзлари белгилайди. Иккинчидан, «Мир» картаси атрофида жуда кўп шовқин ва жанжаллар бўлди. Одатда пул сукунатни яхши кўради.
Шундай экан, депутат ўзининг «ташвиш» ва «норозилигини» ўзига ўхшаганлар туфайли жуда оғир аҳволга тушиб қолган ўз банк тизими учун сақлаб қўйсин», — деди у.
«Айтганча, ёзда ўша депутат бизнинг республикамизга «Украинадагидек ҳамма нарса бўлиши мумкин», дея таҳдид қилганди. Украина билан нима содир бўлганини эълон қилинган сафарбарликдан кўриб турибмиз. Шунинг учун, у аввало ўзининг тиним билмаётган калласида, ўй-фикрларида, гапларида тартиб ўрнатсин», — дея хулоса қилди Мухтор Қул-Муҳаммед.
Таъкидлаш жоиз, Константин Затулиннинг ушбу баёноти Россия Федерациясининг Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошлаганидан сўнг ўзоқлашишни афзал кўрган Қозоғистонга нисбатан россиялик сиёсатчилар ва матбуот «дарғалари»нинг биринчи оғзаки ҳуружи эмас.