Қозоғистон терма жамоаси илк бор Беларусни мағлуб этиб, УEФА Миллатлар лигасининг плей-офф босқичига йўл олди

Қозоғистон терма жамоаси. exk.kz сайти фотосурати

Қозоғистон терма жамоаси УEФА Миллатлар лигаси «C» лигаси гуруҳ босқичининг бешинчи турида Беларусь терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва илк бор турнирнинг плей-офф босқичига йўл олди.

Гуруҳдан кафолатланган чиқиш учун қозоғистонлик футболчилар Беларусга қарши ўйинда ғалаба қозонишлари керак эди ва Магомед Адиев шогирдлари бу вазифани уддалашди.

29-дақиқада Михаил Габишев дарвозабон Егор Хаткевични ортда қолдириб, ҳисобни очди. Бироқ биринчи бўлим охирида Беларусь терма жамоаси ярим ҳимоячиси Павел Савицкий ҳисобни тенглаштирди. Бактиёр Зайнутдинов 79-дақиқада қозоғистонликларнинг ғалаба тўпини киритди. Қозоғистон терма жамоасининг ғалабасига қўшиб берилган вақтда Асхат Тагибергеннинг четлатилиши соя солди.

Бу Қозоғистон терма жамоасининг Беларусь устидан қозонган илк ғалабаси бўлди.

«С» лигаси 3-гуруҳининг яна бир учрашувида Словакия терма жамоаси ўз майдонида Озарбайжонга кутилмаганда 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.

Шундай қилиб, гуруҳдаги тартиб қуйидагича: Қозоғистонда – 13 очко, Озарбайжонда – 7 очко, Словакияда – 6 очко, Беларусда – 2 очко.

Сўнгги турда Қозоғистон терма жамоаси Озарбайжон билан ўйин ўтказади, Словакия эса Беларусни қабул қилади.

Мусобақанинг сўнгги босқичида Қозоғистон ва қолган уч гуруҳ ғолиблари (жумладан, Туркия ва Греция) Европа чемпионати – 2024 йўлланмаси учун кураш олиб боради. Бундан ташқари, Қозоғистон терма жамоаси юқори пағонага кўтарилди ва кейинги мавсумни «В» лигасида ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон терма жамоаси Европанинг энг кучсиз жамоаларидан бири бўлиб, жорий йилнинг июнь ойи ҳолатига кўра ФИФА рейтингида 114-ўринни эгаллаб турибди (таққослаш учун, Словакия 51, Беларусь 96-ўринда). Қозоғистонликлар ҳеч қачон жаҳон ва Европа чемпионатларида қатнашмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ