Нурсултон Назарбоевнинг жияни ўз айбини тан олди

kaztag.kz сайти фотосурати

Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалди ўз айбини тан олди ва жазо юмшатилишига умид билдирмоқда. Бу ҳақда Остона шаҳар судида бўлиб ўтган жараёнда судланувчиларнинг адвокатларидан бири маълум қилди, деб ёзади Vlast.kz.

Тергов маълумотларига кўра, Қайрат Сатибалди судланувчилар Чингиз Қўнурбаев ва Леонид Муравьёв билан биргаликда «Казактелеком»га 12 миллиард тенге (25,1 миллион доллар) зарар етказган. Улар «Казактелеком» ва мижозлар ўртасида воситачи бўлган шўъба компаниясини ташкил қилишган. Адвокатнинг таъкидлашича, Сатибалди ушбу зарарни қоплаган ва «Казактелеком», шунингдек, «Транспорт сервис маркази» АЖ билан воситачилик шартномаси тузган (бу судланувчига алоқадор компаниялардан бири бўлиб, у ҳам молиявий жанжал марказида бўлган).

Назарбоевнинг жияни иши бўйича суд жараёни 20 сентябрь куни Остона шаҳрида бошланган. Суд оммавий ахборот воситаларига суд жараёнини аудио ва видеоёзувга муҳрлашни тақиқлади (ҳимоя тарафи ёзувга қарши чиқди, суд эса уни қўллаб-қувватлади). Ишда жами беш нафар гумонланувчи иштирок этмоқда. Тергов давомида судланувчиларнинг ноқонуний йўллар билан орттирилган 240 миллиард тенге ёки 500 миллион доллардан ортиқ мол-мулки ва маблағлари давлатга қайтарилди.

13 март куни тадбиркор Қозоғистон коррупцияга қарши хизмати томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва «Казактелеком» пул маблағларини ўта йирик миқдорда ўғирлашда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Эртаси куни компаниянинг пойтахт офисида тинтувлар ўтказилган. 15 март куни суд Сотибалдини ҳибсга олишга санкция берди ва ҳибсхонада ушлаб туриш муддати бир неча бор узайтирилди. Бир ой ўтгач, Сатибалди назоратидаги компаниялар «Казактелеком»нинг 28,8 фоиз улушини давлат мулкига қайтарди.

Ҳозирда тадбиркорга нисбатан солиқ ва божхона тўловларидан бўйин товлаш, жиноий даромадларни легаллаштириш ҳолатлари бўйича қўшимча равишда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ