Қозоғистонда маҳаллий истеъмолчилар манфаатларини кўзлаб автомобиль транспортида кўмир экспортига вақтинчалик тақиқ жорий этилди, деб хабар берди Республика саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.
«Қозоғистоннинг чегарадош вилоятларидан аҳоли, коммунал ва ижтимоий объектлар учун мўлжалланган қаттиқ ёқилғини қайта сотиш учун қўшни давлатларга олиб чиқиш фактлари аниқлангани муносабати билан вақтинчалик тақиқ жорий этилмоқда», — дейилади хабарда.
Қиш мавсумида кўмир танқислигини олдини олиш мақсадида кўмир конлари ва вилоят ҳокимликлари билан ҳамкорликда мана шундай қарор қабул қилинди.
Қозоғистоннинг «Курсив» нашри саноат вазирлигининг август ойида кўмирни автомобиль транспортида экспорт қилишни тақиқлаш нияти ҳақида ёзганди. Кейин тақиқ олти ой давомида амал қилади, деб тахмин қилинди. Расмийлар ўз ташаббусларини энергия ресурсларига талаб ортиб бораётгани билан изоҳлайди. Шу билан бирга, бошқарманинг тушунтиришича, айнан автомобиль транспортида ташилаётгани аҳоли учун мўлжалланган кўмирдир.
Бироқ, таҳлилчи Оят Сураганов нашрга берган шарҳида экспортни вақтинчалик тақиқлаш ички бозорда кўмир танқислигининг олдини олиш учун етарли чора бўлишига шубҳа билдиради. «Автомобиль транспорти экспортнинг кичик қисмини ташкил этади ва қўшни давлатларга йўналтирилади. Қолаверса, транспорт харажатларига қарамай, ташқи бозорлардаги қулай шароитлар кўмир қазиб олувчи корхоналарни ички бозордан кўра экспортни устувор қилишга ундаши мумкин», — дейди у.
Гап шундаки, Қозоғистон сўнгги ойларда темир йўл орқали Европага кўмир экспортини сезиларли даражада оширди. Талабнинг ўсиши Европа Иттифоқининг Россиядан ушбу турдаги ёқилғи импортига нисбатан санкцияларидан сўнг дарҳол пайдо бўлди.