Немис ишбилармонлари Транскаспий транспорт коридорига қизиқиш билдирдилар

intermodalnews.pl сайти фотосурати

6 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Германия иқтисодий делегациясини қабул қилди, меҳмонлар бошқа масалалар қатори Транскаспий транспорт йўлаги масаласини ҳам кўтарди, деб хабар беради Акорда.

«Делегация вакиллари немис бизнесининг Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш, конларни ўзлаштириш ва энергетика соҳасида ҳамкорлик қилишда иштирок этишидан манфаатдор эканини билдирди», — дейилади хабарда.

Учрашувда Тўқаев Германияни «Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги энг муҳим ҳамкори» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ушбу давлатнинг мутахассислар тайёрлаш тажрибасига қизиқиш билдирмоқда ва техник институтлар ва лабораториялар ваколатхоналарини очиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТХТЙ) Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва ундан кейин Европа мамлакатларига ўтади. Аслида, бу лойиҳа Хитойдан Европага товарларни етказиб бериш учун Россия Транс-Сибир темир йўлига муқобилдир. Маршрутга кўра, аввалроқ Қозоғистон томони таъкидлаганидек, йилига 10 миллион тоннагача юк, жумладан, 200 мингтагача контейнер ташиш мумкин.

Жорий йилнинг март ойида Туркия Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузиянинг Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш бўйича ташаббусига қўшилишни режалаштиргани хабар қилинган эди. Апрель ойида ушбу давлатлар «Транскаспий Шарқ-Ғарб йўлаги тўғрисида»ги тўрт томонлама декларацияни имзолагани маълум бўлди. Ҳужжатда транзит салоҳиятини ошириш, йўналишни халқаро транспорт тизимига интеграциялаш ва томонлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳақида сўз боради.

Июль ойи бошида Қосим-Жомарт Тўқаев «геосиёсий вазият ва санкция қарама-қаршилиги анъанавий транспорт ва логистика занжирларининг узилишига олиб келди», деб айтганди. Алоқа ва юкларни етказиб беришнинг муқобил йўналишларини ишлаб чиқиш, товарлар етказиб беришни диверсификация қилиш бўйича топшириқлар берди. Шу билан бирга, Тўқаев Транскаспий йўналишини устувор вазифа деб атади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ