Қозоғистон ТИВ: Украинанинг республикадаги элчиси россияликларни ўлдириш ҳақида айтган сўзлари учун узр сўради

t.me/pressmfakz фотосурати

Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Петр Врублевский руслар ҳақида айтган сўзлари учун узр сўради. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, деб хабар беради «Интерфакс».

«Маълумки, биз Украина элчисини таклиф қилдик, у узр сўради ва бу сўзлар унинг ватанида содир бўлаётган воқеалар сабабли ҳиссий ҳолатга берилгани фонида янграганини айтди», — деди у 5 сентябрь, душанба куни бўлиб ўтган брифингда.

Смадияровнинг қўшимча қилишича, ҳозир Врублевский таътилда. Журналистларнинг Ташқи ишлар вазирлигидан узр сўраганмиди, деган аниқ саволига у «ҳа» деб жавоб берди.

Бунга Украина элчисининг қозоғистонлик блогер Диас Кузаировга берган интервьюсидаги баёноти сабаб бўлди. Россиянинг Украинадаги махсус операциясини шарҳлар экан, дипломат шундай деганди: «Биз ҳозир русларни қанча кўп ўлдирсак, фарзандларимизга шунча кам иш қолади. Бор гап шу».

Бу баёнот Қозоғистон халқи ассамблеяси томонидан қораланди. Ўз навбатида, республиканинг рус, славян ва казак ташкилотлари уюшмаси элчини мамлакатдан чиқариб ташлашга чақирган. Врублевский Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, у ерда унга нисбатан норозилик билдирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ