Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев навбатдан ташқари президентлик сайлови 2022 йил кузида ўтказилишини маълум қилди, деб хабар беради Tengrinews.kz.
«Мен шу йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайловларини ўтказишни таклиф қиламан. Адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлидаги кенг қамровли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун халқнинг янги ишонч мандати зарур.
Мен учун давлат манфаатлари ҳамма нарсадан устун. Шунинг учун мен ваколат муддатини қисқартириб, муддатидан олдин президентлик сайловларига боришга тайёрман.
Шунингдек, президент ваколатлари сони ва муддатини қайта кўриб чиқиш зарур. Мен президентлик муддатини 7 йиллик бир муддат билан чеклашни тавсия қиламан. Аммо қайта сайланиш тақиқланади», — деди Тўқаев мурожаатида.
Давлат раҳбари 2023 йилнинг биринчи ярмида парламент ва Мажилис сайловларини ўтказишни таклиф қилди.
2019 йил 19 март куни Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев давлат раҳбари лавозимини тарк этганди. Эртаси куни Сенат (парламент юқори палатаси) собиқ раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев қасамёд қилиб, мамлакат президенти лавозимини эгаллади. Қозоғистонда 2019 йил 9 июнь куни навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди ва унда Тўқаев 70,96 фоиз овоз тўплаган ҳолда ғалаба қозонди. Республикада Президент сайлови ҳар беш йилда бир марта ўтказиларди.
Мамлакат парламенти Мажилисига (парламент қуйи палатаси) аввалги сайловлар 2021 йил январь ойида бўлиб ўтганди. Кейингиси 2025 йилда ўтказилиши лозим эди.