Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раис Карим Масимов устидан терговни якунлади

Карим Масимов. Tengrinews.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси унинг собиқ раҳбариятига нисбатан терговни якунлади, деб хабар беради МХҚ матбуот хизмати.

Қўмита собиқ раиси Карим Масимовнинг қилмишлари Қозоғистон Жиноят кодексининг 175-моддаси 1-қисми (давлатга хиёнат), 179-моддаси 3-қисми (ҳокимиятни мажбуран тортиб олиш) ва 362-моддаси 4-қисми 3-банди (ҳокимият ва ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан квалификация қилинади. Шунга ўхшаш моддалар билан унинг ўринбосарларидан бири Ануар Содиқулов ҳам айбланмоқда.

МХҚ раисининг яна бир собиқ ўринбосари Даулет Ергожин Жиноят кодексининг 179-моддаси 3-қисми (ҳокимиятни мажбуран тортиб олиш) ва 362-қисми 4-қисми 3-банди (ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан айбланмоқда. Масимовнинг учинчи ўринбосари Марат Осипов Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 362-моддаси 3-қисми (ҳокимият ва ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан қамоққа олинган.

Карим Масимов 8 январь куни, ойнинг биринчи кунларида мамлакатни қамраб олган тартибсизликлардан сўнг ҳибсга олинган эди. Бундан бир неча кун аввал у 2016 йилнинг сентябридан буён эгаллаб келган МХҚ раиси лавозимидан озод этилганди. Масимов собиқ президент Нурсултон Назарбоевга яқин бўлган мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланган. У ўтган йиллар давомида Қозоғистон Республикаси Бош вазири, маъмурият раҳбари ва Қозоғистон президенти ёрдамчиси лавозимларида ишлаган.

Нур-Султон тергов суди дарҳол Масимовни икки ойга ҳибсга олди. Кейин маълум бўлишича, унинг учта собиқ ўринбосари терговда иштирок этган, улар ҳам ҳибсга олинган.

Масимовнинг тўртинчи ўринбосари, Нурсултон Назарбоевнинг жияни генерал Самат Абиш январь воқеаларидан сўнг МХҚдан бўшатилган, бироқ ҳибсга олинмаган.

Кейинчалик мамлакат собиқ бош чекистига нисбатан иш «махфий» тоифасига киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ