Қозоғистон ҳукумати Нур-Султон атрофида озиқ-овқат зонасини яратиш учун 625 миллиард тенгедан (1,3 миллиард доллар) ортиқ маблағ сарфлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеев маълум қилди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Бунга ун тегирмонлари, нонвойхоналар, колбаса ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари, сабзавот омборлари ва иссиқхона мажмуаси киради.
«2025 йилгача Нур-Султон атрофида озиқ-овқат ҳалқасини яратиш бўйича агросаноат мажмуасига 625,7 миллиард тенге йўналтирилади. 256 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, улар учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини барпо этиш режалаштирилган. Шунингдек, йилига 10 минг тонна сабзавот етиштириш қувватига эга иккита иссиқхона мажмуаси қурилиши якунланмоқда», — деди вазир.
Буларнинг барчаси, унинг сўзларига кўра, мавсум оралиғида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етишмовчилигини қоплаш ва пойтахт бозорларида нархларни барқарорлаштириш, шунингдек, 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш имконини беради.
Қозоғистон пойтахти атрофида озиқ-овқат ҳалқасини яратиш бўйича ишлар бир неча йилдан бери давом этмоқда. Бу ишлар собиқ президент Нурсултон Назарбоев даврида бошланган. 2017 йили у мазкур зонани барпо этиш ишлари «барбод» бўлганини тан олганди.
Таъкидлаш жоиз, Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, Қозоғистонда жорий йил июль ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўтган йил июлига нисбатан 19,7 фоизга ошган. Йиллик ҳисобда шакар (87,3%), пиёз — 71,7%, ун — 36,6% га қимматлашган.