Numbeo онлайн маълумотлар базаси лойиҳаси солиқлар тўланганидан кейин ўртача ойлик иш ҳақи бўйича мамлакатлар рейтингини эълон қилди.
Ўртача «соф» маоши 423 доллар бўлган Қозоғистон рейтингда 77-ўринни эгаллаган. Ўзбекистонда ўртача «соф» иш ҳақи, рейтинг муаллифларига кўра, 278 долларни ташкил этади. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон рейтингнинг пастдан бошлаб кучли ўнталигидан жой олган ва рўйхатда иштирок этган 106 та давлат орасида 96-ўринни эгаллаган.
Рейтингда биринчи ўринни 5988 доллар маош билан Швейцария, иккинчи ўринни 4247 доллар маош билан Сингапур, учинчи ўринни 4143 доллар маош билан Австралия эгаллаган.
Энг паст маошга эга мамлакатлар учлигига Нигерия (164 доллар), Покистон (162 доллар) ва Шри-Ланка (144 доллар) киради.
Россияда, сайтга кўра, ўртача «соф» иш ҳақи 846 долларни ташкил қилади.
Рейтингдаги маълумотлар Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси томонидан июль ойи охирида тақдим этилган расмий маълумотларга деярли тўғри келади. Республика бўйича ўртача ҳисобланган номинал иш ҳақи 3,54 миллион сўмни (324 доллар) ташкил этганди.
Август ойи бошида Қозоғистон Миллий статистика бюроси маълумотларни эълон қилди, унга кўра 2022 йилнинг иккинчи чорагида республика бўйича ўртача номинал иш ҳақи 312 011 тенгени (663 доллар) ташкил этган, бу ҳатто солиқлар тўланганидан кейин ҳам рейтингда кўрсатилганидан анча юқоридир.
Numbeo — истеъмол нархлари, жиноятчилик даражаси, тиббий хизмат сифати ва бошқа статистик маълумотларга доир Сербия глобал маълумотлар базасидир.