Қозоғистондаги иккинчи АЭС Иртишда барпо этилиши мумкин

Pixabay.com сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Курчатов вилоятидаги Иртиш дарёси соҳилида атом электр станцияси (АЭС) қурилиши муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазири ўринбосари Жандос Нурмаганбетов маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Қозоғистондаги биринчи атом электр станцияси Балхаш кўлида жойлашади. Агар Қозоғистон углерод нейтраллиги йўлидан кетаётган бўлса, бир неча станция қуришдан бошқа йўли йўқ. Иртиш, албатта, истиқболли майдондир. Биринчи станция қурилиши бошланиши билан савол туғилади: Қозоғистонда қанча атом электр станциялари керак бўлади. Бу масала юзасидан музокаралар давом этмоқда.

Менимча, Қозоғистондаги иккинчи атом электр станцияси Иртишда, Курчатов шаҳри яқинида пайдо бўлиши мумкин. (...) Жорий йилнинг охири– кейинги йил бошида тегишли маълумотларни берамиз», — деди Нурмаганбетов матбуот анжуманида.

Қозоғистон Энергетика вазири Болат Акчулаковнинг кейинроқ таъкидлашича, иккинчи атом электр станциясини қуриш масаласи техник-иқтисодий асослаш ва жамоатчилик муҳокамасидан сўнг муҳокама қилинади.

«Кўмир мумкинмас, газ чекланган, атомни қўллаб-қувватлаш керак. Бошқа иложимиз ҳам йўқ. Биз эртага Иртишда АЭС қурамиз, демаяпмиз. Биринчи станцияни қурайлик, деймиз. Қонун очиқ муҳокамаларни талаб қилади, лекин бунинг учун биз жамиятга, мамлакат фуқароларига охир-оқибат нималарга олиб келишини кўрсатишимиз керак. Бунинг учун ҳеч бўлмаганда битта технология бўйича қарор қабул қилишимиз керак, кейин эса қонун талабига кўра, жамоатчилик муҳокамасига келишимиз керак», — дея Акчулаковнинг сўзларини келтиради КазТАГ агентлиги.

Қозоғистонда бир неча йиллардан бери атом электр станцияси қурилиши муҳокама қилинмоқда. Россиянинг Украина ҳудудида махсус операцияси бошланишидан бироз олдин, республика раҳбарияти АЭС фойдасига фаол гапирди ва Росатом станция қурилиши мумкин бўлган пудратчилар қаторига кирди. Бундан ташқари, Қозоғистон Энергетика вазирлиги хабар қилинганидек, олтита глобал етказиб берувчилар – Америка (NuScale), Америка-Япония (GE-Hitachi), Корея (KHNP), Хитой (CNNC) ва Франция (EDF) технологияларини ўрганмоқда. Бугунги кунга келиб, расмийлар биринчи атом электр станциясини қуриш жойини танлашга қарор қилишди — у Балхаш кўлида пайдо бўлади, аммо қайси технологиядан фойдаланиш ҳали номаълум.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ