Наманганда мансабдор шахслар томонидан маданий мерос объекти дала ҳовли қурилиши учун ажратиб берилган

«Ғоистонтепа» . Ўзбекистон маданий мерос агентлиги фотосурати

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида жойлашган «Ғаистонтепа» археология ёдгорлиги ноқонуний равишда фуқароларга дала ҳовли қуриш учун ажратилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беради.

Назорат органи ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ва Маданий мерос агентлиги вакиллари билан биргаликда мазкур факт юзасидан суриштирув ишлари олиб борган. «Ғаистонтепа» ёдгорлиги маданий мерос объектлари рўйхатига киритилгани ва давлат муҳофазасида эканлиги аниқланган.

Шунга қарамай, вилоят кадастр ва қурилиш бошқармалари раҳбарлари томонидан ёдгорлик билан боғлиқ ҳужжатлар ер участкалари бериш билан шуғулланувчи комиссияга тақдим этилган. Натижада «Ғоистонтепа» жойлашган ҳудуд фуқаро Зокир М.га дала ҳовли қуриш учун ноқонуний равишда ажратилган.

2020-2021 йиллари ёдгорлик бузилиб, ўрнига Зокир М. турар жой биноси қурдиради. Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги маълумотларига кўра, мазкур тарихий обидага 80 миллиард сўм (7,2 миллион доллардан ортиқ) зарар етказилган. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ғоистонтепа» ёдгорлиги тўғрисида маълумотларни очиқ манбадан топиб бўлмади. У фақат маданий мерос объектлари рўйхатига олинган. Қайд этилишича, ёдгорлик Ғаистон қишлоғида жойлашган бўлиб, унинг яратилган вақти номаълум.

Ўтган йил октябрь ойида сенаторлар Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш ишларини танқид қилган эди. Тегишли қонуннинг ижроси биргина Тошкент шаҳрида ўтказилганда, миллий маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган айрим обидалар кўрсатилган манзилларда мавжуд эмаслиги маълум бўлган. 56 та объектда кадастр ҳужжатлари, 256 тасида ҳимоя белгилари, 200 тасида белгилар мавжуд бўлмаган. Маданий мерос объектларининг барчасига ҳам инспекторлар тайинланмаган.

Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини йўқ қилиш ёки шикастлаш учун жавобгарлик кучайтирилди. Жарималар миқдори оширилди, айрим ҳолларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси етти йилгача узайтирилди.

Ўзбекистонда 8 мингдан ортиқ моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасида бўлиб, уларнинг ярмидан кўпи археологик ёдгорликлардир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ