Краснодар ўлка суди КҚК шикоятини кўриб чиқиб, Новороссийск судининг компания фаолиятини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарорини бекор қилди ва унга 200 минг рубль миқдорида жарима солди. Бу ҳақда «Каспий қувурлари консорциуми – Р» (КҚК) матбуот хизмати хабар берди.
КҚК ишини 30 кунга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор 5 июль куни Новороссийскнинг Приморский туман суди томонидан қабул қилинган эди. Сабаби компанияда ўтказилган режадан ташқари текшириш чоғида бир нечта «нефт тўкилишига қарши курашиш режасининг ҳужжатидаги бузилишлар» аниқлангани бўлди. Эртаси куни КҚК судга суд буйруғи ижросини тўхтатиб туриш тўғрисида сўров юборди.
Компания «КҚК-Р» АЖ узлуксиз цикл корхонаси бўлиб, унинг фаолиятини дарҳол тўхтатиб туриш ишлаб чиқариш жараёни учун тиклаб бўлмас оқибатларга олиб келиши, техник объектда ноқулай ва назорат қилиб бўлмайдиган жараённинг пайдо қилишини таъкидлади.
7 июль куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев нефть етказиб беришни диверсификация қилишга чақирди ва Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европа давлатларини боғлайдиган Транскаспий йўналишини истиқболли лойиҳа деб топди.
ℹ️ КҚК Қозоғистондан нефтни экспорт қилиш учун асосий йўналиш ҳисобланади. Қувурдаги хом ашё Новороссийск яқинидаги денгиз терминалида танкерларга ортилади. 2021 йили жўнатилган нефть 60,7 миллион тоннани ташкил этди (ундан Қозоғистонга тегишлиси 53 миллион тонна). Консорциумнинг асосий акциядорлари: — Россия (31%), Қозоғистон (20,75%), Chevron (15%), ЛУКОЙЛ (12,5%), Exxon (7,5%), Rosneft-Shell Caspian Ventures Limited (7,5%).