Қийноқларни бошдан кечирган қозоғистонлик йигит январь воқеалари бўйича шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Азамат Ботирбоев. Ulysmedia.kz сайти фотосурати

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳайкалини бузишда иштирок этганлардан бири Азамат Ботирбоев январь ойидаги тартибсизликлар бўйича иш юзасидан тўрт ярим йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда «Озодлик» (Россияда хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг минтақавий хизмати) Ботирбоевнинг синглиси Гулмира Сейдахмет қизига таяниб хабар берди.

Толдиқўрғон шаҳар судида эълон қилинган ҳукм ҳали кучга киргани йўқ. Маҳкум озод қилинди.

Ботирбоев январь ойида Қозоғистондаги оммавий тартибсизликлар вақтида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳужум қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Сўроқ пайтида у тергов изоляторида бўлганида милиция ходимлари уни қийноқлар, жумладан, қиздирилган темир билан қийнашганини айтди. Ижтимоий тармоқларда унинг танасида кўплаб кўкаришлар ва куйиш яралар акс этган видеолар тарқалган эди.

Қийноқ факти бўйича Олмаота вилояти Коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан жиноий иш қўзғатилган. Тез орада Ботирбоевни қийнашда гумон қилинган полициячи қўлга олинди. Февраль ойи охирида Бош прокуратура январь воқеаларидан кейин юз берган қийноқлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишга доир 203 та жиноий иш бўйича маълумот берди.

Назарбоев ҳайкали 5 январь куни Қозоғистоннинг кўплаб шаҳарларида тартибсизликларга айланган кенг кўламли намойишлар чоғида бузиб ташланган эди. Собиқ президент ёдгорлиги вайрон қилингани бўйича ишни махсус прокурорлар тергов қилмоқда. Ёдгорликни бузиш учун ўзининг КамАЗ машинасини майдонга олиб чиққан гумонланувчи қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Уни бузишда яна 16 киши иштирок этган.

20 июнь куни Ботирбоевнинг адвокати Бавуржан Азанов ҳимоясидаги шахс процессуал келишув имзолаганини ва ўз айбига иқрор бўлганини айтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ