Қозоғистондан Ўзбекистонга гўшт экспорт қилувчилар сони бир ярим баробарга ортади

Гўшт растаси. exclusive.kz сайти фотосурати

Ўзбекистонга маҳсулотлар етказиб берувчилар реестрига Қозоғистондан яна 19 та чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари киритилган. Бу ҳақда Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеевнинг Тошкентда бўлиб ўтаётган «Туркий Агрофорум»ига ташрифи чоғида маълум бўлди, деб хабар беради вазирлик расмий сайти.

Илгари рўйхатда Қозоғистоннинг 37 корхонаси бўлган. Шундай қилиб, Қозоғистондан Ўзбекистонга гўшт экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўлган ишлаб чиқарувчиларнинг умумий сони 56 тага етди.

Карашукеев Қозоғистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини сезиларли даражада ошириш имконияти мавжудлигини таъкидлаб, республиканинг сифатли маҳсулотлар етказиб беришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, маҳаллий корхоналар янги бозорларни ўрганишда давом этмоқда ва шу орқали Қозоғистон иқтисодиёти имкониятларини ошириб, минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминламоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 22 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини, жумладан, гўшт маҳсулотларини божхона тўловларидан озод қилиш бўйича топшириқ берган эди. Қозоғистон ва Беларус Ўзбекистонга гўшт маҳсулотларини етказиб берувчи асосий давлатлар ҳисобланади. Ўзбекистон бозорига Покистон ва Мўғулистон ҳам қизиқиш билдирган.

Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, Ўзбекистонда гўшт маҳсулотлари қимматлашиб бормоқда. «Фарғона» мухбирининг хабар беришича, сўнгги икки ойда Самарқанд расталарида гўшт нархи ўртача 7-10 фоизга ошган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ