Россияда ўзбек автомобиллари захираси тугади, санкциялар туфайли етказиб бериш тўхтатилган

Chevrolet Cobalt автосалонда . Autostrada.uz сайти фотосурати

Россиялик дилерлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг деярли барча захираларини сотиб бўлишди. «Автостат» таҳлилий агентлигига кўра, янги автомобиллар етказиб бериш кутилмаяпти.

Россия Федерациясининг турли ҳудудларида бир неча ўнлаб ўзбек автомобиллари қолган, бироқ энг машҳур моделлари аллақачон сотилиб бўлган. Қолган Chevrolet Cobalt ва Nexia автомобилларининг нархи 26-28 минг долларгача ошиб кетди, деб ёзади Autostrada.uz. Москванинг иккиламчи бозорида май ойида ишлатилган Nexiaга талаб 15,73 фоизга ошган.

Ўзбек Chevrolet автомобилларини Россияда сотиш билан «Келес Рус» компанияси шуғулланган. У деярли фаолиятини тўхтатди ва сайтини ёпди.

«Россияга оммавий сегментдаги Chevrolet автомобилларини етказиб бериш ҳақиқатан ҳам тўхтатилди ва уларни қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинмади. Менимча, бу санкциялар режими умуман ўзгартирилсагина содир бўлиши мумкин. Ҳозирги вақтда «Келес Рус» ўз фаолиятини мижозлар олдидаги кафолат мажбуриятларини қўллаб-қувватлашга йўналтирдибиз дилерларга тегишли харажатларни қоплаймиз, шунингдек, илгари ташкил этилган омбордан эҳтиёт қисмларни сотамиз», -деди «Келес Рус» ижрочи директори Вадим Артамонов.

UzAuto Motors компанияси Украинада махсус ҳарбий операция бошланганидан кейин Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларга риоя қилиш доирасида март ойида Россияга автомобиллар экспортини тўхтатди.

Қайд этиш жоиз, ўзбек автомобилларини хорижга етказиб бериш ҳажми умуман олганда жиддий камайди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон Озарбайжон, Тожикистон, Корея ва Ливанга атиги 58 та автомобиль экспорт қилган. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 8763 донага кам. Шу билан бирга, компания Ливанга 54 та машина жўнатилгани ҳақида хабар берди.

2021 йили Ўзбекистон жами 281,8 миллион долларлик 28 952 дона автомобиль экспорт қилди, уларнинг 93 фоиздан ортиғи (26 970 таси) Қозоғистонга жўнатилди, энг яхши харидорлар бешлигига Украина (929), Россия (456), Озарбайжон (277) ва Афғонистон (128) киради. Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда Қозоғистон ва Озарбайжонда ўзбек автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.