Латвия Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатмоқчи

Ички ишлар вазири Янис Домбрава

Латвия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига виза беришни маълум муддатга тўхтатиб туришни таклиф қилди. Бу ҳақда 2026 йил 29 сентябрь куни Jauns.lv портали хабар берди. Бунга Ўзбекистон фуқаролари Латвияга келганидан кўп ўтмай жиноят содир этган бир нечта ҳолат, жумладан, вояга етмаганларга қарши жиноятлар сабаб бўлган.

«Биз чора кўришимиз шарт. Шунинг учун Ўзбекистон фуқароларига виза беришни маълум муддатга тўхтатиб туришни ва бу вақт ичида Латвияга жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган шахсларнинг кириб келишини олдини олиш учун Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилишни таклиф қиляпмиз», — деди 29 сентябрь куни Ички ишлар вазири Янис Домбрава.

Ташаббус ҳозирча таклиф даражасида қолмоқда. Домбрава масалани 29 сентябрь куни Вазирлар кабинети мажлиси кун тартибига киритишга уринди, аммо вазирнинг ўзи X ижтимоий тармоғида ёзишича, коалиция ҳамкорлари масалани кун тартибига киритишга рози бўлмаган.

Inbox.lv Baltijas Balss нашрига таяниб хабар беришича, ушбу мажлис Сейм сайловларидан олдинги сўнгги мажлис бўлган. Вазир масала яқин орадаги ҳукумат мажлисларидан бирида кўриб чиқилишига умид қилмоқда.

BB.lv портали аниқлик киритишича, Ички ишлар вазирлиги ўз таклифида Иммиграция тўғрисидаги қонуннинг 8-моддаси 2-қисмига таянмоқда.

Шуни таъкидлаш лозим, вазирлик Латвияда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар бўйича батафсил статистик маълумотларни келтирмаган. Расмий Тошкентнинг бу масалага муносабати эса ҳозирча маълум эмас.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ