Киев Қозоғистонни қўлга олинган украиналик Любовь Рожанскаяни Россияга бермасликка чақирди

Любовь Рожанская. bureau.kz сайти фотосурати

Қозоғистондаги Украина элчихонаси 1 октябрь куни Остона аэропортида қўлга олинган украиналик Любовь Рожанскаяни Россияга беришга қарши чиқди, деб хабар беради Ulysmedia.kz.

Украина элчиси Виктор Майко воқеани Россия махсус хизматларининг провокацияси деб атади ва украиналик дипломатлар аёлни озод қилиш масаласини Қозоғистон томони билан муҳокама қилаётганини маълум қилди.

Любовь Рожанская Қозоғистонга вояга етмаган набираси — неварасини олиб кетиш ва уни отасига топшириш учун келган. Виктор Майко таъкидлашича, аёл ўғлининг топшириғига кўра ҳаракат қилган, Украина Олий суди эса аввалроқ боланинг яшаш жойини отаси билан белгилаган.

«Бугун биз набираси ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўраётган аёлга қарши Россия махсус хизматларининг очиқ-ойдин провокацияси билан юзма-юз келмоқдамиз. Таъкидлайман: Любовь Фёдоровна боланинг отаси бўлмиш ўғли томонидан расман ваколатга эга ҳолда қонуний доирада ҳаракат қилмоқда», — дейди дипломат.

Виктор Майко Россиянинг Украина фуқаросини экстрадиция қилиш талабини асоссиз деб атади. Унинг таъкидлашича, Россияда аёлнинг «соғлиғи ва ҳаётига ҳақиқий таҳдид мавжуд, у ердан Украинага қайтиш имконияти ҳам бўлмаслиги мумкин».

«Москва бундай провокация орқали Украина ва Қозоғистон ўртасидаги ишончга путур етказишни мақсад қилган бўлиши мумкинлигини истисно қилолмайман. Қозоғистонда анъанавий равишда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига жуда катта эътибор қаратилади», — дея қўшимча қилади дипломат.

Адвокат Алексей Прянишниковнинг сўзларига кўра, Любовь Рожанская 1 октябрь куни Истанбулдан Остонага 8 ёшли неварасини олиб кетиш учун учиб келган. Ҳимоя томонининг таъкидлашича, бола унга Россиядаги қариндошлари томонидан топширилиши керак бўлган. Адвокат The Insider нашрига берган интервьюсида бола Россия томонидан олиб чиқиб кетилган украиналик болалар рўйхатида қайд этилганини айтган.

Бу воқеа 2021 йилда бошланган. Ўшанда боланинг онаси Алла Андреева ўғли ва россиялик эри билан Одесса шаҳрини тарк этиб, Калининград вилоятига кўчиб ўтган. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг она ва бола Россия фуқаролигини олган. Россиялик оила ва Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиси бўлган боланинг отаси ўртасида бола билан мулоқот қилиш тартиби бўйича суд баҳслари давом этган.

2023 йилда болани Украинага қайтариш бўйича келишувга эришилган. Прянишниковнинг айтишича, икки нафар Украина фуқароси болани олиб кетиш учун Калининград вилоятига борган, аммо улар қўлга олинган ва кейинчалик болани ўғирлашга уриниш ҳамда жосусликда айбланиб, 15 ва 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Россия суди Рожанскаяни ҳам тахмин қилинган ўғирлашни ташкил қилган шахс сифатида сиртдан айбдор деб топган.

2026 йил ёзида болани топшириш бўйича музокаралар қайта бошланган. Адвокатнинг сўзларига кўра, Россиядаги қариндошлар болани Украина Олий судининг 2025 йилдаги қарорига мувофиқ отасига топширишни ва келишувни Қозоғистонда расмийлаштиришни таклиф қилган.

Прянишниковнинг фикрича, музокаралар Рожанскаяни қўлга олиш учун ишлатилган бўлиши мумкин. Унинг айтишича, Россия томони учрашув айнан Қозоғистонда ўтказилишини талаб қилган, унинг келиш санасини келишиш эса Калининграддаги суднинг аёлни сиртдан ҳибсга олиш ҳақидаги қарори билан бир вақтга тўғри келган. Шундан сўнг уни қидирувга бериш ҳақидаги ҳужжатлар Қозоғистонга КХШТ орқали юборилган.

Материал эълон қилинган пайтда Россия ва Қозоғистон расмийларидан иш бўйича расмий изоҳлар келиб тушмаган.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Россияга экстрадиция қилиш билан боғлиқ бир нечта шов-шувли ишлар марказида қолди. Яқинда ўнлаб мамлакатлардан 150 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар Остонадан чеченистонлик фаол Мансур Мовлаев ва Алексей Навальний штаби собиқ ходими Юлия Емельяноваларни Москвага бермасликни сўради.

Мовлаев 2025 йил май ойидан бери Олмаотада экстрадиция мақсадида ҳибсда сақланмоқда. Сентябрь ойида у СИЗОда икки марта ўз жонига қасд қилишга уринган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қозоғистонни Мовлаевнинг шикояти кўриб чиқилгунига қадар уни Россияга бермасликка чақирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ