Нурсултон Назарбоевнинг жияни ва Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Самат Абиш январь воқеалари иши бўйича «тергов орбитаси»да. Бу ҳақда парламент йиғилишида Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Асқар Амерханов маълум қилди, деб ёзади Vlast.kz.
«Самат Абиш ҳам тергов орбитасида. У гувоҳлик бермоқда», — дейди Амерханов Назарбоевнинг жияни январдаги тартибсизликлар бўйича айбланувчими ёки йўқми деган саволга жавоб берар экан.
МХҚ раиси ўринбосари, шунингдек, Самат Абиш Қозоғистонда эканини айтди. Шу билан бирга, Амерханов унинг процессуал мақомини билмаслигини таъкидлади. «Мен уни ўзим кўрмаганман. Менимча, тергов давом этмоқда, шундай бўлиши ҳам керак», — деди у.
Республика Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарияти жорий йил январидаги тартибсизликлардан сўнг янгиланди, бўлиб ўтган воқеалар учун Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қисман МХҚни ҳам айблади. Қўмита собиқ раҳбари Карим Масимов давлатга хиёнатда айбланиб, ҳибсга олинди. Кейинроқ у ҳам коррупция ва фирибгарликда айбланган. Массимов билан бирга унинг тўрт нафар собиқ ўринбосаридан учтаси, яъни Самат Абишдан ташқари (у фақат 17 январда МХҚ раиси ўринбосари лавозимидан озод этилган) давлатга хиёнат қилишликда айбланмоқда.
Март ойида Қозоғистон Бош прокурори Берик Асилов журналистларга терговчилар Самат Абишдан ташқари МХҚнинг собиқ раҳбари Массимов ва унинг уч ўринбосарига нисбатан айбдорлик далилларини тўплашга муваффақ бўлганини маълум қилди.