Қозоғистон Жиноят кодексидан Элбошини ҳақорат қилишга доир модда чиқариб ташланади

elbasy.kz сайти фотосурати

Биринчи президентни ҳақорат қилишга доир модда Қозоғистон Жиноят кодексидан чиқариб ташланади. Бу ҳақда Адлия вазири Канат Мусин маълум қилди, дея хабар беради «Казинформ» ахборот агентлиги.

«Жиноят кодексида президент шаъни ва қадр-қиммати учун жавобгарликни назарда тутувчи умумий модда қолади. Барча президентлар учун умумий. Қозоғистон Республикасининг биринчи президентини ҳақорат қилгани учун ҳеч қандай модда бўлмайди», — деди у Сенат мажлиси чоғида.

Гап Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 373-моддаси (Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти – Миллат етакчисининг шаъни ва қадр-қимматига оммавий ҳақорат ва бошқа тажовуз) ҳақида бормоқда. Унинг учун максимал жазо — беш йил қамоқ муддатидир. Қозоғистонда фуқаролар ушбу модда бўйича судланганлик ҳолатлари мавжуд. Масалан, 2020 йил июнь ойида қарағандалик фуқаро Назарбоевни танқид қилувчи видеомурожаатни YouTubeда жойлаштиргани учун уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

5 июнь куни Қозоғистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Фуқаролар ҳокимият томонидан таклиф қилинган ўзгартиришлар, хусусан, биринчи президент тўғрисидаги қонунни бекор қилиш йўли билан овоз берди. Канат Мусиннинг сўзларига кўра, келгусида ушбу ҳужжат ҳақидаги эслатма мамлакатнинг барча қонун ҳужжатларидан олиб ташланади.

«Бу Конституцияга киритилган ўзгартишларга мувофиқ айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси доирасида бўлади. Бу йил у парламентга киритилади», — деди Адлия вазирлиги раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ